Урганчдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқада бўлган икки собиқ амалдорга қўйилган айбловлар қўшимча тергов ўтказилганига қарамай, деярли ўзгаришсиз қолди. Бу ҳақда зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко маълум қилди.

2022 йил сентябрь ойида жиноят ишлари бўйича Хива тумани суди Хоразм вилояти прокуратурасининг вилоят адлия бошқармаси собиқ бошлиғи ҳамда Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ рахбарини 1,5 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Жамоатчилик меҳрибонлик уйи раҳбари 3 нафар вояга етмаган тарбияланувчи қизни 10 ой давомида жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани ҳақида 31 март куни чиқарилган Nemolchi.uz мақоласидан сўнг хабар топган.

Суд қарори эса Ўзбекистонда кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган. Бош прокуратура жазо ўта енгил бўлганини тан олган, Хоразм вилояти прокуратураси ишни қайта кўриб чиқиш ва жазони кучайтириш мақсадида биринчи инстанция судининг қарори устидан протест келтирган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судининг апелляция инстанцияси томонидан иш қайта кўриб чиқилган. 19 июль куни иш прокурорга қайтарилган. Қўшимча тергов жараёнида улар «янги айблов бўйича жиноят иши қўзғатиш ва бошқа шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи»ни кўриб чиқишлари керак эди. Суд ишни кўриб чиқишни бир ойга тўхтатган.

Август ойининг охирида иш судга қайтарилган. Ирина Матвиенко суд мажлислари жадвали эълон қилинадиган, айбланувчилар ва айбловлар кўрсатилган веб сайтга таяниб таъкидлашича, Олий суд айбловни зўрлаш сифатида қайта квалификация қилмаган.

«Бу ҳеч нарса ўзгармаганини англатади. Сўроқ пайтида қизлар жинсий алоқа қилишга мажбурланмаганликларини айтишган. Ҳеч ким уларнинг қарам ҳолатда эканини ҳисобга олмаган. Улардан бири укаси билан таҳдид қилганидан кейин жинсий алоқа қилишга рози бўлган. Бироқ, шунга қарамай, тергов яна зўрлаш аломатларини топмади. Мен жазонинг ўзгаришсиз қолиши (1,5 йилга озодликни чеклаш) ёки бирозгина ўзгаришидан қўрқаман», — деб ёзади у.

nemolchi.uz, жинсий зўравонлик, меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, олий суд, хоразм

У Олий суднинг расмий веб сайтидан скриншотни эълон қилган, унда биринчи марта ҳукм ўқилган пайтдаги Жиноят кодексининг моддалари кўрсатилган. Ирина Матвиенко ва Nemolchi.uz лойиҳаси постларидан сўнг Олий суд сайтидаги ушбу маълумот таҳрир қилинган — айблов бандлари ўчирилган.

Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, жиноят иши Тошкент шаҳри суди судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилмоқда, ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.

«Ҳозирда жараён давом этмоқда. Ҳали тугамаган. Ҳозирча бу иш бўйича на суд қарори, на янги ҳукм эълон қилинган. Тармоқларда тарқалаётган маълумотлар нотўғри ва асоссиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, айблов моддалари тергов томонидан тақдим этилади, шунинг учун айбловга оид савол тергов органига юборилиши керак. «Газета.uz» бу борада Бош прокуратурага сўров юборди.

Адвокатлардан бирининг «Дарё»га айтишича, ёпиқ суд тарзида ўтаётган жараён айни кунларда музокараларни якунлаган. Музокарада сўз олган томонлар — прокурор ва адвокатлар ҳолат юзасидан хулосаларини маълум қилган.

«Суднинг бу борада якуний фикри ҳали эълон қилинмади. Бу ҳақда ёзаётганлар ёлғон ахборот тарқатмоқда. Суд 27 сентябрь куни иш бўйича якуний хулосасини эълон қилиши кутилмоқда», — деди адвокат.

Ишнинг тафсилотлари билан қуйидаги ўхшаш хабарлар орқали танишиш мумкин.