Самарқанд шаҳри марказида 2 та йўл ўтказгич туннели қурилишига тайёргарлик бошланди. «[НО]Қулай шаҳар» лойиҳаси доирасида биз мазкур қурилишлар режалаштирилган чорраҳалардан бирига бордик ва урбанист Искандар Солиев билан Самарқанд шаҳрига йўл ўтказгичлар қанчалик кераклиги ҳақида суҳбатлашдик. Урбанист бу объектлар шаҳар учун зарарли ва кераксиз эканини таъкидлади.

Йўл ўтказгич туннеллари Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида ҳамда Гагарин ва Рўдакий кўчалари кесишмасида қурилиши режалаштирилган. «Газета.uz»даги маълумотларга кўра, пудратчи «Me'mor Utkir Chovka LLC» (Ўзбекистон) & «Shaanxi Road and Bridge Group Co., Ltd» (Хитой) консорциуми ҳисобланади.

Айни вақтда Гагарин ва Мирзо Улуғбек кўчалари кесишмасида коммуникация тармоқларини кўчириш ишлари якунланган. Гагарин ва Рўдакий кўчалари кесишмасида қурилиш ҳудудидаги оқова сув қувурлари ва газ тармоқларини кўчириш ишлари олиб борилмоқда.

Урбанист Искандар Солиев нима учун шаҳар ичида йўл ўтказгич қуриш хато деб ҳисоблашини қуйидагича изоҳлади:

«Биринчи навбатда биз кўча билан йўлнинг фарқини тушуниб олишимиз керак. Кўчадан шаҳар аҳолисининг барча қатламлари фойдаланади. Унда автомобиль ҳайдовчилари, жамоат транспорти йўловчилари, пиёдалар, велосипед ёки самокатда ҳаракатланаётганларнинг барчаси учун керакли шароитлар яратилган бўлиши керак. Йўл эса шаҳарларни бир-бири билан боғловчи, транспорт воситаларининг тез ва хавфсиз ҳаракатини таъминлашга мўлжалланган жой ҳисобланади», — деди у.

Яъни шаҳар ичи йўллардан эмас, кўчалардан иборат бўлади. Кўчалар эса ўз навбатида транспортнинг тез ҳаракатланишидан келиб чиқиб эмас, биринчи навбатда хавфсизлик, гавжумлик, ҳаётга тўла бўлиш нуқтаи назаридан лойиҳалаштирилиши керак, дейди у.

«Агар шаҳар ичида йўллар кенгайиб, туннеллар қурилиб, йўл ўтказгичлар бапро этилса, ҳудуд ўлик зонага айланиб қолади, — деди урбанист. — Кўча одамларга ноқулайлашиши оқибатида бу ерда уларнинг оқими камаяди».

«Экологик томондан қаралса, йўл ўтказгич қурилган ҳудудда заҳарли газлар миқдори ошади, ўсимлик ва дарахтлар камлиги, фақат бетон ва асфальтдан иборат бўлиб қолгани оқибатида ҳарорат кўтарилади», — дея таъкидлади Искандар Солиев.

искандар солиев, йўл ўтказгич, ноқулай шаҳар, самарқанд, туннель

Эслатиб ўтамиз, Искандар Солиев Тошкентдаги Паркент ва Маҳтумқули кўчаларида дарахтлар мавжуд ва мавжуд бўлмаган ҳудудлардаги ҳаво ҳароратини ўлчаб, солиштириб кўрганди. Ўрганиш натижасида, дарахтлар йўқ кўчада ҳаво ҳарорати баландроқ экани маълум бўлган.

Биз йўл ўтказгич туннелларидан бири қурилиши режалаштирилаётган Рўдакий ва Гагарин кўчалари чорраҳасига бордик ва у ердаги ҳолатни ўргандик. Чорраҳанинг уч томонида турар жойлар, бир томонида меҳмонхона жойлашган.

«Йўл ўтказгич қурилиши бу ердаги уйларда яшовчи одамлар ҳаётига ҳам салбий таъсир қилади. Қурилишдан кейин автомобиллар 24 соат шовқин ярата бошлайди. Мазкур ҳудуд кўркини йўқотиб, трассага айланиб қолади. Одамлар бу ерда юргиси ҳам, яшагиси ҳам келмай қолади. Умуман олиб айтганда, бу одамларга катта ноқулайлик туғдиради. Бундан ташқари, Рўдакий ва Гагарин кўчалари чорраҳаси катта тирбандликни кузатмадик», — дейди Искандар Солиев.

Маълумот ўрнида, Самарқанд шаҳри учун Россиянинг Simetra компанияси транспорт Бош режасини ишлаб чиққан. Мазкур Бош режада ҳам айнан бу чорраҳага ва умуман шаҳарнинг марказий қисмига йўл ўтказгичлар қуриш тавсия этилмаган.

Бош режани ишлаб чиқиш учун буюртмани Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази берган. У 2030 йилгача шаҳар транспорт инфратузилмасида қандай ўзгаришлар бўлишини назарда тутади.

«Бош режа билан танишиб чиқдим. Ҳозирги қилинаётган ишлардан фарқли ўлароқ, бу бош режада мантиқ бор. Бош режани ишлаб чиқишда моделлар тузилган, ўрганишлар амалга оширишган, ҳисоб-китоб қилишган. Менинг назаримда Бош режа яхши ишланган, аниқ ва тушунарли қилиб ёзилган. Шаҳардаги ўзгаришларни шунга мувофиқ амалга ошириш керак деб ҳисоблайман. Ҳеч қандай ортиқча маблағ сарфлашга ҳожат йўқ. Қўлингизда шундай тайёр қўлланма турганда бошқа ишларни амалга ошириш мантиқан нотўғри», — деди урбанист.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги «Газета.uz»га берган изоҳида мазкур Бош режа уларнинг буюртмаси асосида ишлаб чиқилганини ва амалга оширилиши мажбурий бўлган ҳужжат эмаслигини қайд этди.

Урбанист Искандар Солиев эса мазкур изоҳ юзасидан қуйидагича фикр билдирди: «Қандайдир катта маблағ сарфлаб Бош режа ишлаб чиқиляпти-да, кейин яна бу режада назарда тутилмаган нуқтали ўзгаришлар давом эттирилмоқда. Бу мантиқан нотўғри. Шаҳар учун битта ривожланиш стратегиясини белгилаб олиш керак. Чунки, хаотик тарздаги ўзгаришлар амалга оширилаверса бу шаҳар транспорт тизимини ишдан чиқаради».

искандар солиев, йўл ўтказгич, ноқулай шаҳар, самарқанд, туннель

«Самарқанд Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб транспортга Бош режа ишлаб чиққан шаҳар ҳисобланади. Бу яхши. Бу нарса ҳали ҳатто Тошкентда ҳам йўқ. Неча йилдан бери кутяпмиз, шаҳарнинг нафақат транспорт бўйича Бош режаси, балки умумий Бош режаси ҳам йўқ. Самарқанд бу борада бир қадам олдинда, лекин шунда ҳам Бош режага ёндашилмаяпти, қарашмаяпти», — дея таъкидлади Искандар Солиев.

Унинг фикрича Рўдакий ва Гагарин кўчалари кесишмасида қурилиши режалаштирилаётган йўл ўтказгич туннели атроф-муҳитга жуда катта таъсир қилади. Буни йўл ўтказгич қурилган бошқа жойлар мисолида кўриш мумкин. Бу чорраҳани ҳам айнан уларнинг тақдири кутяпти. Бу ер ҳам одамлардан бўшаб қолади, савдо камаяди.

Бу нарса яшилликка ҳам яхши таъсир қилмайди. Йўл ўтказгич қурилиши давомида унинг қайрилиш томонлари ҳам пайдо бўлади ва бу ўз-ўзидан йўлнинг кенгайишига олиб келади. Бунинг оқибатида эса бу ҳудуддаги дарахтлар кесилиб кетиши мумкин.

Биз йўл ўтказгич қурилган ҳудудлар қандай кўринишга келишини кўриш учун шаҳардаги Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида қурилган туннель олдига ҳам бордик. Мазкур туннель очилганидан бир неча кун ўтиб деворларидан сув сизиб чиққани туфайли машҳур бўлганди.

Бу ерда катта бўш ҳудуд юзага келган, туннелдан чиқаверишда трамвай тўхташи учун йўл ўртасига чизма билан бекат белгиланган. Трамвай йўловчилари учун йўлдан ўтиш жойи белгиланган бўлиб, у светофор билан тартибга солинмаган.

«Ҳудудда йўл кенгайгани ҳисобига дарахтлар йўқ, соя йўқ. Туннель икки томондаги аҳолини иккига ажратиб қўйган. Аҳоли кўчанинг нариги бетидан бу бетига ўтиши жуда қийин. Улар ёки шу тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўз ҳаётини хавф остига қўйиб ўтиши керак, ёки анча масофани босиб ўтиб, чорраҳага бориб келиши лозим», — дейди Искандар Солиев.

Эслатиб ўтамиз, йўл ўтказгичлар кўчаларда ошиб бораётган тирбандликни енгишга ёрдам бериши жаҳонда ҳам, маҳаллий даражада ҳам нотўғрилиги исботлаб бўлинган фикр ҳисобланади. Шунингдек, бундай объектлар қуриш кўчаларда пиёдаларга устунлик бериш тамойилига ҳам зид ҳисобланади.