Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш чора-тадбирларини назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали хабар берди.

Давлат раҳбари мазкур вазифани ички ишлар вазири ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев, ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Олим Саидов ҳамда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов зиммасига вилоят ҳокимлари билан биргаликда амалга оширишни юклади.

йўл ўтказгич, светофор, шавкат мирзиёев

«Бир ой ичида барча светофор ва ҳаракатни чекловчи йўл белгиларини ўрганиб, авария билан боғлиқ ҳолатларни камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқинг», — деди президент.

У ҳужжат лойиҳасига тез-тез тирбандлик юзага келадиган ва авариялар содир бўладиган йўлларда «светофорсиз йўл ўтказгичлар» қуриш бўйича уч йиллик дастурни киритиш бўйича топшириқ берди. Мазкур дастур хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилиши керак.

Йиғилишда йўлларга 2500 дан ортиқ камера ва радарлар ўрнатилгани, шунингдек, шаҳарларда транспорт ҳаракатининг рухсат этилган тезлиги 70 дан 60 км/соатга камайтирилгани туфайли камералар ўрнатилган жойларда автоҳалокатлар сони 30 фоизга камайгани таъкидланди. Президент шуларни ҳисобга олиб, ақлли чорраҳа ва ақлли светофор тизимларини янада кенг кўламда жорий этишни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Бекмурод Абдуллаев телеканалга берган интервьюсида, таҳлилларга кўра, йўл инфратузилмасининг талабга жавоб бермаслиги жами ЙТҲларнинг 48 фоизига сабаб бўлаётганини айтди.

Йиғилиш якунлари ҳақида сўз юритар экан, вилоятлар маъмурий марказларида тирбандликни камайтириш мақсадида «ақлли светофорлар» тизимини жорий этиш, энг гавжум чорраҳаларда йўл ўтказгичлар қуриш режалаштирилганини маълум қилди.

Олим Саидов президент топшириғига кўра, бир ой муддатда Ўзбекистон ҳудудидаги барча йўл белгилари ва светофорлар инвентаризациядан ўтказилиши, гавжум чорраҳаларда «ҳаракатни тўғри ташкил этиш мақсадида светофорлар ўрнига йўл ўтказгичлар ташкил этилишини тасдиқлади.

Яқинда ЙҲХБХ бошлиғи ўринбосари Эрали Бозоров Kun.uz нашрига берган интервьюсида имкон қадар кўпроқ ер усти ва ер ости пиёдалар ўтиш жойлари бўлиши истагини билдирди. «Агар шундай бўлганида, менимча, пиёдалар билан боғлиқ жуда ҳам кўп йўл-транспорт ҳодисаларининг олди олинган бўларди» (бундай эмаслигини кўплаб далиллар мавжуд).

Июль ойида президент Тошкентда 12 та янги йўл ўтказгич қуришни маълум қилган эди. Уларнинг жойлашуви ҳали расман эълон қилингани йўқ. Ўша ойда Шавкат Мирзиёев пойтахт марказидаги Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари чорраҳасида йўл ўтказгич қуриш зарурлигини маълум қилди.

«Газета.uz» Тошкент марказидаги йўл ўтказгич шаҳар шароитида пиёдалар учун аввалроқ эълон қилинган устуворлик тамойилларига зид бўлган мунозарали қарор эканини ёзди. Пойтахтда бир нечта йўл ўтказгичлар қурилгач, вазият яхшилангани ёки йўқлиги ҳақида ҳам материал эълон қилгандик.