«Вести.uz» сайтида 19 сентябрь куни Александр Грошев имзоси билан «Ўзбекистондаги Россия мактабларига кимлар қарши чиқяпти?» сарлавҳали материал эълон қилинди. Унда Россиянинг Ўзбекистонда мактаблар қуриш таклифига қарши фикр билдирган интернет фаоллари русофобияда, Ўзбекистондаги русийзабон болалар ҳақида қайғурмасликда айбланган.

Шу билан бирга, мақолада Ўзбекистонда Россия томонидан мактаблар қурилишига қарши фикр билдирган фаоллар «Ғарб элчихоналарига сотилган блогерлар ҳамда АҚШ ва Европа университетларининг мияси ювилган битирувчилари» дея таърифланади, уларга Американинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Дэниел Розенблюм томонидан шундай топшириқ қўйилгани таъкидланади.

Сайт ва мақола муаллифи бундай айбловларни тасдиқловчи бирор далил келтирмаган.

«Вести.uz»да эълон қилинган материалнинг ўзбекча таржимаси билан қуйида танишиш мумкин:

Ўзбекистондаги Россия мактабларига кимлар қарши чиқяпти?

Ўзбекистонда русофобия можароси юз берди. Москванинг республикада бир нечта мактаб қуриш таклифига қандайдир «жамоатчилик вакиллари» қарши чиқди.

Нима эмиш, у ерда болаларимиз Россия дастурлари бўйича ўқитилади, демак болаларимиз Украинадаги Махсус ҳарбий операцияни оқлаб бошлайди.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов мактаблар бўйича таклифни маъқуллади ва математика, физика ва кимё фанлари бўйича рус тилида дарс берувчи ўқитувчиларни кўпроқ юборишни ҳам сўради ҳатто. Ўзбекистонда таълим рус тилида олиб бориладиган мингга яқин мактаб бор, бироқ она тили рус бўлган ўқитувчилар муаммоси юзага келган.

Расмий Тошкент МДҲ доирасида рус тилини ривожлантириш дастурида фаол қатнашмоқда. Бу ёқда бўлса, қарангки, «жамоатчилик», гўёки, дарғазаб ва рус мактабларидан воз кечишни талаб қилмоқда.

Бу «овозлар» ортида кимлар тургани сир эмас. Буларнинг бари Ғарб элчихоналари томонидан сотиб олинган блогерлар ҳамда АҚШ ва Европа университетларининг мияси ювилган битирувчиларидир.

Улар олдига топшириқ Американинг Тошкентдаги собиқ, ҳозирда Қозоғистондаги элчиси ҳисобланган Дэниел Розенблюм томонидан қўйилган. Айнан у Давлат департаментида Марказий Осиё учун масъул бўлган вақти «Россия дезинформацияси»га қарши кураш режасини пишириб, режанинг молиялаштирилишига эришган эди.

Унга ёрдамга ҳукумат раҳбарининг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов шошилди. У жамоатчиликни Россия ўқув дастурлари «республиканинг миллий урф-одатлари, қадриятлари ва анъаналарига мувофиқлиги» синчковлик билан ўрганиб чиқилишига ишонтирди. Шундан кейингина мактабларга лицензия берилади. Мободо берилмай қолса-чи?

Нима учунди ҳеч ким Ўзбекистондаги рус ва русийзабон болалар ҳақида ўйламади. Математика ўзбек тилида ўтилса, улар қандай ўқийди? Аллақачондан бери шундай бўлиб қолган ҳам. Ёки бутун рус синфи ёки талабалар гуруҳида фақат икки-уч кишигина «буюк ва қудратли» тилни билиши [ҳам одатий ҳол бўлиб қолган].

Балки янги мактаблар фақат Россиянинг туб-жой аҳолиси, бўлажак кўчувчилар учун мўлжалланган бўлар?

«Жамоатчилик» буни кўрмай қолади. Меҳнат муҳожирларининг фарзандлари Россия мактабига мутлақо тил-забонсиз боради, шу тариқа бошидан аутсайдер ва билимсизлар қаторига тушиб қолиши ҳам ҳеч кимни хавотирга солмайди.

Негадир ҳеч ким Россияда ўзбек мактабларини қуришни таклиф қилмайди. Ваҳоланки, кўплаб болалар ватанга (о, даҳшат!) Россияда олинган билимлар билан, хусусан, Украинани нацизмдан тозалашга доир ҳақиқат билан қайтади. Улар қўштирноқ ичидаги «жамоатчилик»ни қандай рад этишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Мақола тугади.

Ўзи нима бўлганди?

18 сентябрь куни Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилишида унинг мамлакати Ўзбекистонда Россия дастурлари асосида, таълим рус тилида олиб бориладиган бир нечта мактаб қуришга тайёр эканини маълум қилган эди. Йиғилишда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бу таклифни миннатдорчилик билан қабул қилишини қайд этиб, Ўзбекистондаги мактабларнинг 10 фоизида рус тилида таълим берилишини маълум қилган.

Бу хабарларга муносабат билдираркан, таълим эксперти Комил Жалилов Ўзбекистоннинг «Таълим тўғрисида»ги қонунига кўра, мамлакатдаги таълим ташкилотларида республика давлат таълим стандартларини ва (ёки) давлат таълим талабларини бажариш мажбурий эканини эслатиб, Россия ўқув дастурларига Украинага қарши тажовузкорлигини оқловчи дарслар ва мавзулар киритилгани, умуман, мактаб таълими пропаганданинг бир қисмига айланганини таъкидлаган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса «Ич-ичимдан умид қиламан… „таклифни катта миннатдорчилик билан қабул қиламиз“ сўзлари протокол мулозамати бўлиб қолади, лутфдан нарига ўтмайди», — дея муносабат билдирди.

Шундан сўнг бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг Ўзбекистонда мактаб қуриб бериш таклифи нотўғри талқин қилинаётгани ҳақида пост қолдирди. Унинг таъкидлашича, «хорижий мамлакатлар томонидан қуриб бериладиган мактабларнинг таълим дастурлари дастлаб соҳа мутахассислари томонидан миллий урф-одат, қадрият ва анъаналаримиз, тарихимиз, амалдаги қонун ҳужжатларимиз, мавжуд таълим стандартларимиз нуқтаи назаридан чуқур ўрганиб чиқилади».

«Агар шундай бўлса, бу тўғри қарор бўлади», — дея бош вазир матбуот котибининг баёнотини қўллаб-қувватлади таълим эксперти Комил Жалилов. Унинг таъкидлашича, «таълим масаласини халқаро ҳамжамият томонидан агрессор деб тан олинган давлатга ишониш жуда қалтис хато бўлади». У, шунингдек, Россия федерал телеканаллари орқали тарқатилаётган пропаганда масаласини ҳам кўриб чиқишга чақирган.

«Вести.uz» қандай сайт?

Россия давлат сиёсатининг нуқтаи назарини ифода этувчи «Вести.uz» сайти 2005 йили Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси кўмагида очилган (vesti.uz домен номи илк бор 2004 йилда рўйхатга олинган бўлиб, ҳозирда унга Россиянинг Краснодар ўлкасида яшовчи жисмоний эгалик қилади). Сайтга 2005 йилга қадар «Российская газета»нинг Ўзбекистондаги мухбири саналган Владимир Березовский муҳаррирлик қилган (у 2010 йили Ўзбекистонда ЎзМАА (ҳозирги АОКА)нинг Мониторинг хизмати хулосалари асосида судланган).

Кунига 15−30 минг атрофида ташрифчи кириши таъкидланадиган мазкур сайт аудиториясининг салкам 80 фоизини ўзбекистонликлар ташкил этса-да (.pdf), «Вести.uz» таҳририяти Москва шаҳрида жойлашган, сайт 2017 йили Россия алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасида назорат бўйича федерал хизмати («Роскомнадзор») томонидан электрон оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган («Роскомнадзор» маълумотига кўра, сайт таъсисчиси — В.К. Березовская, сайтнинг ОАВ гувоҳномаси 2022 йил 30 мартида муассис ташаббуси билан бекор қилинган).

Айни вақтда сайтда боғланиш учун Ўзбекистон телефон рақамлари ҳам қолдирилган. Кўрсатилган телефон рақами (ва электрон почта манзилларидан бири) Россия элчихонаси томонидан тайёрланган (.pdf) ва Россия фуқаролари Ўзбекистон ҳудудида ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мурожаат қилиши тавсия этиладиган бўлган адвокатлар рўйхатида келтирилган «Кей-Зет» адвокатлар фирмасининг алоқа маълумотлари билан бир хил. Фирманинг боғланиш мумкин бўлган вакиллари сифатида Владимир Березовский ва Замира Мустафина кўрсатилган.