Россия Ўзбекистонда Россия дастурлари асосида таълим рус тилида олиб бориладиган бир нечта мактаб қуришга тайёр. Бу ҳақда 18 сентябрь куни Россия бош вазири Михаил Мишустин Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия йиғилишида маълум қилди.

«Ўқувчилар шу тарзда рус маданияти ва анъаналари билан яқиндан танишишлари мумкин бўлади», — деди Михаил Михаил Мишустин ва агар Ўзбекистон томони манфаатдор бўлса, Россия бундай таклифни кўриб чиқишини қўшимча қилди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ўз нутқида мамлакатлар ўртасида мактабгача ва мактаб таълими соҳасида ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидлади.

«Рус тилидаги мактаблар қуриш бўйича таклифларни катта миннатдорчилик билан қабул қиламиз, — деди Абдулла Арипов. — Ўзбекистонда жами 10 мингдан ортиқ умумтаълим мактаблари мавжудлигини ва уларнинг 10 фоизи рус тилида таълим беришини алоҳида таъкидламоқчиман».

Ҳукумат раҳбари, шунингдек, РФ иштирокидаги ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда рус тилини ўқитиш услубларини такомиллаштиришга кўмаклашишга қаратилган «Класс» ва «Малыш» лойиҳалари Ўзбекистонда «яхши резонанс» берганини қўшимча қилди. Абдулла Арипов «Класс» лойиҳаси доирасида рус тилидаги мактаблар учун математика, физика ва кимё фанлари ўқитувчилари сонини кўпайтириш таклифини илгари сурди.

Эслатиб ўтамиз, Россия Қирғизистонда тўққизта мактаб қурилишини молиялаштирмоқда. Лойиҳа қиймати 500 млн долларга баҳоланмоқда. Мамлакатлар президентлари Владимир Путин ва Садир Жапаров 1 сентябрь куни мактаблар қурилишига старт берди.