Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси расмийлари 20 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 13:00 дан ўт очишни тўлиқ тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини маълум қилди, дея хабар бермоқда «Новости Армении» портали.

Келишув шартлари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Арманистон Қуролли кучларининг қолган бўлинмалари ва ҳарбий хизматчилари Россия тинчликпарвар контингентини жойлаштириш зонасидан олиб чиқиб кетилиши;
  • Тоғли Қорабоғ мудофаа армиясининг қуролли тузилмаларини тарқатиб юбориш ва тўлиқ қуролсизлантириш;
  • Тоғли Қорабоғ ҳудудидан оғир техника ва қуролларни «тезда утилизация қилиш мақсадида» олиб чиқиб кетиш.

«Реинтеграция, Тоғли Қорабоғ арманларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, Тоғли Қорабоғ аҳолисининг Озарбайжон Конституцияси доирасидаги турмуш тарзини таъминлаш масалалари» 21 сентябрь куни Евлах шаҳрида бўлиб ўтадиган маҳаллий арман аҳолиси ва Озарбайжон ҳукумати вакиллари ўртасидаги учрашувда ва ундан кейинги учрашувларда муҳокама қилинади, дейилади хабарда.

Келишувга «Тоғли Қорабоғда жойлашган Россия тинчликпарвар контингенти қўмондонлиги воситачилигида эришилди», — дея қайд этган тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси расмийлари.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги ўзининг баёнотида «терроризмга қарши чора-тадбирларни тўхтатиш бўйича келишувга эришилганини» хабар қилди.

Тоғли Қорабоғдаги можаро 19 сентябрь куни Озарбайжон тан олинмаган республикада «маҳаллий аксилтеррор операцияси»ни эълон қилиб, унинг ҳудудини, жумладан, пойтахти Степанакертни ўққа тута бошлаганидан кейин қайта авж олди.

Биринчи кун охирига келиб Боку Тоғли Қорабоғдаги 60 дан ортиқ жанговар позицияларни назоратга олгани ва Арманистон қуролли кучларига тегишли бўлгани айтилаётган 20 тагача жанговар техника, 40 дан ортиқ артиллерия ва иккита зенит-ракета комлексини зарарсизлантирилгани ҳақида хабар берди.

Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси Омбудсмани Гегам Степанян тинч аҳоли вакилларидан 7 киши, жумладан, 2 нафар бола ҳалок бўлгани, 35 киши, жумладан, 13 нафар бола жароҳат олганини маълум қилди.

Тан олинмаган республика расмийлари Озарбайжонни ўт очишни тўхтатишга ва музокара столига ўтиришга чақирди. Бунга жавобан Боку Арманистон қуролли кучларини «қуролларни ташлаб, таслим бўлишга» чақириб, фақатгина шу ҳолатда «аксилтеррор чоралари тўхтатилишини» маълум қилди.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ бўйича можаро 1980-йилларнинг охиридан бери давом этиб келади. 2020 йил сентябрь ойи охирида вазият яна кескинлашганидан сўнг Ереван Тоғли Қорабоғнинг бир қисмини Боку назоратига қайтаришга рози бўлган ва томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолаган. Ўзаро ҳудудлар туташган чизиқ бўйлаб Россия тинчликпарвар миссияси жойлаштирилган.