Озарбайжон ҳарбийлари тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси ҳудудида «аксилтеррор тадбирлари»ни ўтказа бошлади. Бу бўйича Озарбайжон Мудофаа вазирлиги баёнот берди.

Унда айтилишича, Қорабоғ минтақасидаги Арманистон қуролли кучларининг бўлинмалари томонидан Озарбайжон армиясининг позицияларини тизимли равишда ўққа тутиш, ҳудудларни миналаш ишларини давом эттириш сўнгги ойларда кескинликнинг янада кучайишига сабаб бўлган.

«2020 йил 10 ноябрда имзоланган уч томонлама декларация қоидаларини таъминлаш, Қорабоғ иқтисодий районида кенг кўламли провокацияларни бостириш, Арманистон қуролли кучларини ҳудудларимиздан чиқариб юбориш ва қуролсизлантириш, уларнинг ҳарбий инфратузилмасини зарарсизлантириш, босқиндан озод қилинган ҳудудларга қайтган тинч аҳоли, давлат хизматчилари, қурилиш-таъмирлаш ишларига жалб этилган ҳарбийларимиз хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Озарбайжон конституциявий тузумини тиклаш бўйича минтақада маҳаллий аксилтеррор тадбирлари бошланди», — дейилади вазирлик баёнотида.

Олдинги чизиқда юқори аниқликдаги қуроллардан фойдаланган ҳолда Арманистон қуролли кучлари бўлинмаларининг позициялари, уларнинг узоқ муддатли ўқ отиш нуқталари, шунингдек, жанговар воситалари ва ҳарбий объектларини зарарсизлантирилиши қайд этилган. Шунингдек, фуқаролик объектлари ва аҳоли нишонга олинмаслиги алоҳида таъкидланган.

Озарбайжон оммавий ахборот воситаларида Степанакерт ҳудудида Арманистон Қуролли кучларининг «Тор» зенит-ракета комплекси йўқ қилингани лаҳзаси акс этган видеони айланмоқда.

">https://twitter.com/marutvanian/status/1704067945729605695?ref_src=twsrc%5Etfw%7Ctwcamp%5Etweetembed%7Ctwterm%5E1704067945729605695%7Ctwgr%5E%7Ctwcon%5Es1_c10&ref_url=[/twitter_post]

Арманистон Мудофаа вазирлиги эса мамлакат чегараларида вазият барқарор эканини эълон қилди.

«Соат 14:00 ҳолатига кўра, Арманистон чегараларидаги вазият нисбатан барқарор», — дейилади вазирлик хабарида.

Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги Тоғли Қорабоғ бўйича можаро 1980 йилларнинг охиридан бери давом этиб келади. 2020 йил сентябрь ойи охирида вазият яна кескинлашганидан сўнг Ереван Тоғли Қорабоғнинг бир қисмини Боку назоратига қайтаришга рози бўлди ва томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисида келишув имзолади. Ўзаро ҳудудлар туташган чизиқ бўйлаб Россия тинчликпарвар миссияси жойлаштирилди.