Ўзбекистондаги бир қанча конлардан газ қазиб олувчи Россиянинг Lukoil Uzbekistan Supply and Trading компанияси йилнинг биринчи ярмида маҳсулот тақсимлаш битими (МТБ) доирасида Ўзбекистонга 103,1 миллион доллар тўлаган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг (ИМВ) бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботида айтилади.

Бу сумма миллий валютага — 1,21 триллион сўмга конвертация қилинди ва давлат бюджетига ўтказилди, деб таъкидлади ИМВ (Аввалроқ давлат бюджети тақчиллиги 27,4 триллион сўмга етганини ёзган эдик).

2004 йилда Ўзбекистон ҳукумати «Лукойл» билан Қандим-Хаузак-Шоди (35 йил муддатга, 2014 йилда яна 7 йилга — 2046 йилгача узайтирилган) ва Жануби-Ғарбий Ҳисор (2007 йилда кучга кирган ва 36 йилга мўлжалланган) лойиҳалари бўйича МТБ имзолади. Тўловлар қайси МТБ бўйича амалга оширилгани кўрсатилмаган.

Бошқа бундай шартномалар бўйича тўловлар тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаган. Россиянинг «Газпром» компанияси билан Шахпахти (2004 йилдан — 15 йилга, 2018 йилда 5 йилга узайтирилган) ва Жел (2018 йилда 25 йилга имзоланган) бўйича МТБ шартномаси имзоланган.

2017 йил апрель ойида Сурхондарё вилоятидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М25) кони бўйича яна бир МТБ шартномаси имзоланган. У газ-кимё мажмуаси қурилиши билан 35 йил муддатга тузилган. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ушбу лойиҳа бўйича геологик қидирув ишлари камида саккиз йил давом этишини таъкидлади.

Маҳсулот тақсимлаш битими — бу шартнома тури бўлиб, унга кўра хорижий инвестор қазиб олинаётган маҳсулотнинг бир қисмини ўзи учун сақлаб қолган ҳолда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқини олади, бошқа қисми давлатга топширилади. МТБ ҳар бир томон маълум миқдордаги сарф-харажатларни қоплаганидан сўнг, тижорат фаолияти давомида ишлаб чиқарилган нефть ёки газнинг неча фоизини олишини белгилайди.