Саккиз ой якунлари бўйича Ўзбекистон давлат бюджети тақчиллиги қарийб 40 трлн сўмга етди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати маълумоти бунга гувоҳлик бермоқда.

Бу ерда гап фақат давлат бюджети ҳақида кетмоқда. У давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (суверен фонд) маблағларини ҳам ўз ичига олувчи консолидациялашган бюджетнинг бир қисмидир. Аввалроқ консолидациялашган бюджет даромадлари ва харажатлари ҳақида маълумот берган эдик.

2023 йилнинг олти ойида давлат бюджети даромадлари 102,3 трлн сўм (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,1 фоизга кўп), харажатлари 129,1 трлн сўмдан (+25,3 фоиз) ошган эди. Яъни, давлат харажатлари даромадлардан икки баравар тез ўсиб бормоқда.

Шундай қилиб, давлат бюджети харажатлари даромадлардан 27,4 трлн сўмга ошиб кетди. Мамлакат ЯИМ ҳажми ушбу даврда 469,9 трлн сўмни ташкил этгани инобатга олинса, давлат бюджети тақчиллиги 5,83 фоизга етди.

Ўтган икки ойда (июль-август) Давлат бюджети даромадлари 38,1 трлн сўмни, харажатлари 50 трлн сўмни ташкил этди. Бюджет тақчиллиги 12,2 трлн сўм миқдорида қайд этилди.

Маълумотлар умумлаштирилса, саккиз ойда давлат бюджети тақчиллиги 39,6 трлн сўмни ташкил этади. Август ойи учун ЯИМ бўйича маълумотлар ҳали эълон қилингани йўқ, шунинг учун ЯИМга нисбатан камомад кейинроқ ойдинлаштирилади.

Таъкидлаш жоизки, ҳукумат жорий йил якуни бўйича давлат бюджети даромадлари ва харажатлари ўртасидаги ижобий фарқ (профицит) 4,2 трлн сўмга тенг бўлишини прогноз қилган эди. Хусусан, 2023 йилда даромадлар 232,1 трлн сўм, харажатлар 227,9 трлн сўмни ташкил этиши керак эди.

Август ойида ҚҚСни қайтариш ҳажми қарийб 1,5 трлн сўмга — 985 млрд сўмдан 2,4 трлн сўмга кескин ошди. Ой давомида ҚҚС тушумлари ҳам 4,52 трлн сўмдан 3,97 трлн сўмга, даромад солиғи тушумлари эса 3,7 трлн сўмдан 3,08 трлн сўмга камайган. Бу йўқотишлар 3,3 трлн сўмдан 6,1 трлн сўмгача ошган бошқа даромадлар ҳисобидан қопланди (давлат корхоналаридан олинган дивидендлар ёки хусусийлаштиришдан олинган даромадлар бўлиши мумкин).

Бюджетнинг харажатлар қисми ижтимоий харажатлар ҳисобига кўпайиб, бир ой давомида 9,5 трлн сўмдан 14,6 трлн сўмга ўсди. Тўланган ижтимоий нафақалар ҳажми 1,7 трлн сўмдан 2,8 трлн сўмга, субсидиялар салкам 600 млрд сўмга, қарзларга хизмат кўрсатиш харажатлари 349 млрд сўмдан 884 млрд сўмга, инвестицион харажатлар 2,4 трлн сўмдан 4,7 трлн сўмга ошди.

Аввал хабар берганимиздек, президент қарори лойиҳасида 2023 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг максимал ҳажмини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан 5 фоизга ёки 53,4 трлн сўмгача ошириш таклиф этилган. Агар ҳукумат яна харажатлар чегарасини бажара олмаса, бу давлат харажатларининг 1,8 млрд долларга ошишига олиб келади.

Биринчи ярим йил якунларига кўра, Ўзбекистон консолидациялашган бюджети тақчиллиги 5,7 фоизни ташкил этди — харажатлар даромадлардан 26,9 трлн сўмга ошди. Бу 2020 йилги пандемия, шунингдек, 2021−2022 йиллардаги кўрсаткичлардан кўпдир. Йиллар давомида ҳукумат ҳеч қачон тақчиллик чегарасини ушлаб тура олмаган.