Ўзбекистонда букмекерлик хизматларни тарғиб қилувчи 27 та сайт блокланди, дея маълум қилди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси ўринбосари Асадулла Қаюмов.

Қўмита Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда рекламага оид қонунбузилишларга нисбатан тезкор чоралар кўриш мақсадида букмекерлик хизматларига оид рекламани тарғиб қилувчи сайтларга киришни блоклаш чораларини кўрган. Хусусан, букмекерлик хизматларни тарғиб қилувчи 92 та веб-сайтни блоклаш бўйича АОКАга таклифлар киритилган бўлиб, шундан 27 та сайт блокланган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда эстрада юлдузлари, спортчилар ва блогерлар томонидан тотализаторлар ва букмекерлик хизматларини реклама қилиш ҳолатлари бўйича ички ишлар органларига 11 та хат киритилган. Қўмита реклама берувчи (тайёрловчи, тарқатувчи, буюртмачи)ларни қонун талабларига риоя этишларини сўраб, турли соҳа ва йўналишда 400 дан ортиқ огоҳлантириш хатлари берган.

«ОАВ, интернет ва ижтимоий тармоқларда, ташқи реклама воситаларида жойлаштирилган (тарқатилган) рекламаларни қонунчилик ҳужжатларига мослиги юзасидан жами 24 мингдан ортиқ ўрганишлар ўтказилди. Булардан телевидениеда 308 та, радио 247 та, ташқи реклама воситаларидаги 19 мингдан ортиқ, босма нашрларда 236 та ва 4,5 мингдан ортиқ интернет ҳамда ижтимоий тармоқларга тўғри келади. Ўрганиш (мониторинг)лар натижасида 8 мингдан ортиқ ҳолатда турли камчиликлар аниқланиб, уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган», — деди Асадулла Қаюмов.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда 4500 дан ортиқ рекламалар юзасидан ўрганишлар ўтказилган. Шундан Facebook`да 144 та, Instagram`да 344 та, Telegram`да 4 108 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган ва бартараф этилган.

Қўмита томонидан биологик фаол қўшимчалар, малҳамлар, суртмалар, бальзамлар, дамламалар, шифобахш ва маъданли сувларнинг рекламасида қайд этилган хусусияти юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигидан 150 дан ортиқ ҳолат бўйича эскперт хулосаси олинган ва 103 та ҳолат бўйича камчиликлар бартараф этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил декабрь ойида Шавкат Мирзиёев 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда букмекерлик шохобчаларини очишга рухсат берувчи фармонни имзолаган эди. Уларнинг қонунийлаштирилиши спортни, айниқса, футболни ривожлантириш, шунингдек, унинг сармоявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши керак эди.

2020 йил февраль ойида Профессионал футбол лигаси раҳбари ўринбосари Диёр Имомхўжаев букмекерлик конторликларини қонунийлаштириш Ўзбекистондан капитал чиқиб кетишини камайтиришга ёрдам беришини айтганди. Унинг сўзларига кўра, ўшанда мамлакат онлайн лотереялар ва букмекер конторларининг «кулранг бозори» туфайли қарийб 50 млн доллар йўқотаётган эди. Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужабар Абдувахитов ҳам қонунчиликка киритишни ёқлаб чиққанди.

Бироқ 2022 йил апрель ойи охирида президент букмекерлик конторлари бўйича олдинги қарорини бекор қилган. Орадан 1 йилча вақт ўтиб, яъни 2023 йилнинг апрель ойида эса давлат раҳбари янги қарор билан Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига Рақамли технологиялар, Иқтисодиёт ва молия, Адлия вазирликлари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда ушбу йўналишда таклифлар киритиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш вазифасини топширган. Бу илғор хориж тажрибаси асосида футболни молиялаштириш тизимини кенгайтиришга хизмат қилиши айтилган.