Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 апрель куни «Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Давлат раҳбари Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигига Рақамли технологиялар, Иқтисодиёт ва молия, Адлия вазирликлари, Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда махсус ишчи гуруҳни ташкил қилган ҳолда 2023 йил якунига қадар илғор хориж тажрибаси асосида футболни молиялаштириш тизимини кенгайтиришда букмекерлик фаолиятини амалга ошириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил декабрь ойида Шавкат Мирзиёев 2021 йилдан бошлаб Ўзбекистонда букмекерлик шохобчаларини очишга рухсат берувчи фармонни имзолаган эди. Уларнинг қонунийлаштирилиши спортни, айниқса, футболни ривожлантириш, шунингдек, унинг сармоявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши керак эди.

Лицензияларни бериш Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилиши керак эди, аммо кейинчалик бу орган тугатилди. Бунгача ҳеч қандай қонуний асос бўлмагани учун лицензия берилмаган.

Бироқ 2022 йил апрель ойи охирида президент букмекерлик конторлари бўйича олдинги қарорини бекор қилди.

2020 йил февраль ойида Профессионал футбол лигаси раҳбари ўринбосари Диёр Имомхўжаев букмекерлик конторликларини қонунийлаштириш Ўзбекистондан капитал чиқиб кетишини камайтиришга ёрдам беришини айтганди. Унинг сўзларига кўра, ўшанда мамлакат онлайн лотереялар ва букмекер конторларининг «кулранг бозори» туфайли қарийб 50 млн доллар йўқотаётган эди. Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужабар Абдувахитов ҳам қонунчиликка киритишни ёқлаб чиққан эди.

Бош вазир ўринбосари, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳам букмекерлик фаолиятини қонунийлаштиришнинг афзалликлари ҳақида гапирганди. «Кўплаб ўйинчилар бошқа мамлакатларга саёҳат қилишади ёки хорижий платформаларда пул сарфлашади. Биз пул йўқотяпмиз. Шунинг учун мамлакатимиздаги букмекерлик конторларини қонунийлаштиришимиз ва бундан тушган фойданинг маълум фоизини маҳаллий спортни ривожлантиришга сарфлашимиз керак», деган эди у Қозоғистоннинг «Хабар 24» телеканалига берган интервьюсида.

2021 йил сентябрь ойида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик ва парламент тадқиқотлари институти букмекерлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Депутат Дониёр Ғаниевнинг фикрича, пул тикиш билан фақат мамлакат резидентлари шуғулланиши, норезидентларга эса маҳаллий банк тизимлари орқали тўловларни амалга оширишни тақиқлаш керак. Шунингдек, у реклама ва лотереяларни рағбатлантиришни тақиқлашни ҳамда жисмоний шахслар учун гаровларнинг максимал миқдорини белгилашни таклиф қилди.