Иқтисодиёт ва молия вазирлиги давлат бюджетининг кунлик даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни яна эълон қила бошлади.

«Газета.uz» аввалроқ 2023 йилнинг 1 январидан 13 январига қадар давлат бюджети харажатлари даромадлардан 2,3 баробар ошиб кетгани, бунинг натижасида тақчиллик 5,5 трлн сўмга етгани ҳақида хабар берганди. Бу 2023 йилда режалаштирилган тақчилликнинг бешдан бир қисмидан кўпроқ ҳисобланади (25,1 трлн сўм, гап давлат бюджети ҳақида кетмоқда, консолидациялашган бюджет ҳақида эмас). Шунингдек, бу кўрсаткич 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 17,4 баробар кўп (2020 йилдагидан 20,4 баравар). Январь ойининг ўрталаридан бошлаб вазирлик камида 2019 йилдан бери эълон қилиб келинаётган бюджет даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни беришни тўхтатди.

28 август кунги маълумотларга кўра, давлат бюджети харажатлари 3 трлн 250 млрд сўмни ташкил этди ва бу даромадларига нисбатан 456 млрд сўмга ёки 7 баробар кўп ҳисобланади. 29 август куни даромадлар 1,58 трлн сўм, харажатлар 1,32 трлн сўмга етди. Харажатларнинг кескин ўсиши пенсия ва нафақаларнинг Мустақиллик байрами олдидан тўланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Пенсия жамғармаси маълумотларига кўра, маблағ фуқароларнинг карталарига 29−31 август кунлари ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров биринчи яримйилликда Ўзбекистон давлат бюджети харажатлари даромадларидан 29 трлн сўмга (2,5 млрд доллар) кўпроқ бўлганини маълум қилганди. 2023 йил якунига кўра профицит прогноз қилинганига қарамай, дефицит деярли 6,2 фоизни ташкил этди.

Аввалроқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов бюджет тақчиллиги ҳақида сўралганда аниқ миқдорни айтмаган, бироқ бу лимитдан «бироз юқори» эканини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткичнинг ўсиши газ импортининг ортиши билан боғлиқ, ваҳоланки, биринчи олти ойда Ўзбекистон атиги 200 миллион долларга газ импорт қилган (бу 2,5 млрд долларлик дефицитдан анча кам).

Аввал хабар берганимиздек, президент қарори лойиҳаси билан 2023 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг максимал чегарасини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан 5 фоизга ёки 53,4 трлн сўмгача ошириш таклиф этилмоқда. Агар ҳукумат яна харажатлар чегарасидан ўтиб кетса бу давлат харажатларининг яна 1,8 млрд долларга ошишига олиб келади.