Президентнинг «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш тўғрисидаги қарори лойиҳасидан келиб чиқилса, 2023 йилда Ўзбекистон давлат бюджети дефицитининг максимал миқдори ошиши мумкин.

Жорий йилги Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга мувофиқ, давлат бюджети дефицити чегараси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз ёки 32,5 триллион сўм миқдорида белгиланганди. Бу шуни англатадики, прогнозга кўра, давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (суверен фонд) маблағларини ўз ичига олган консолидациялашган бюджет даромадларидан кўра шунча кўпроқ харажат бўлиши назарда тутилган.

Стратегия лойиҳасида бюджет дефицити 5 фоиз ёки 53,4 триллион сўмдан ошиб кетмаслигини таъминлаш назарда тутилган, бу амалдаги лимитдан 20,87 триллион сўмга (1,8 миллиард долларга яқин) кўпроқ ҳисобланади.

Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда назарда тутилган бошқа мақсадли кўрсаткичлар деярли ўзгармаган. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсишини 5,3−5,5 фоиз, саноат ишлаб чиқаришининг ўсишини 6,7 фоиз, хизмат кўрсатиш ўсишини 14 фоиз, қишлоқ хўжалиги ўсишини 3,5 фоиз, қурилиш ўсишини 6 фоиз даражасида таъминлаш режалаштирилган. Инфляцияни 9−9,5 фоиз даражасида ушлаб туриш назарда тутилган.

Аввалроқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов бюджет дефицити ҳақидаги саволга жавобан аниқ миқдорни айтмаганди, лекин Марказий банк раиси амалдаги дефицит лимитдан «бироз юқори» эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткичнинг ўсиши газ импортининг ортиши билан боғлиқ, лекин йилнинг дастлабки олти ойида Ўзбекистон атиги 200 миллион долларлик газ импорт қилган.

«Газета.uz» биргина 2023 йилнинг 1 январидан 13 январигача давлат бюджети харажатлари даромадлардан 2,3 баробар ошиб кетгани, бунинг натижасида тақчиллик 5,5 триллион сўмга етгани ҳақида хабар берганди. Бу 2023 йилга режалаштирилган умумий дефицитнинг бешдан бир қисмидан кўпроқ (25,1 триллион сўм, гап давлат бюджети ҳақида кетмоқда, консолидациялашган бюджет ҳақида эмас), шунингдек, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 17,4 баробар кўп (2020 йилга нисбатан 20,4 баравар). Январь ойи ўрталаридан бошлаб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги камида 2019 йилдан бери очиқланиб келаётган бюджет даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилишни тўхтатиб қўйди.

2022 йилда ҳукумат давлат бюджети дефицитининг ялпи ички маҳсулотнинг 3 фоизи миқдоридаги чегарасини ушлаб туролмади, шу сабабли парламент харажатларни 2 миллиард долларга, яъни ЯИМнинг 4 фоизигача оширишни тасдиқлади. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов давлат харажатларининг ошиши ҳисобига инфляция даражаси кутилганидан юқори эканини, шу сабабли бюджетни консолидациялаш (харажат ва даромадларни оптималлаштириш) роли ортиб бораётганини таъкидлаганди.