Иқтисодиёт ва молия вазирлиги январь ойининг биринчи ярмида давлат бюджети даромадлари ўртасидаги салбий фарқни иш ҳақи, пенсия ва ижтимоий нафақаларни тўлиқ молиялаштириш ҳамда йил бошида одатда бюджет тушумларининг кам бўлиши билан изоҳлади.

«Газета.uz» январнинг 8 кунида давлат бюджети харажатлари даромаддан 2,3 баравар ортиб, дефицит 5,5 трлн сўмга етгани, бу 2023 йил учун дефицит кутилмасининг бешдан бир қисмидан кўпроқ (25,1 трлн сўм) экани ҳақида ёзганди. Вазирлик эса даромад ва харажатлар бўйича маълумот беришни тўхтатгани келтириб ўтилган.

Вазирликнинг билдиришича, 2023 йил январь ойида мамлакатда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши ҳамда энергия ресурсларига талабнинг кескин ошиши туфайли хўжалик юритувчи субъектларга табиий газ ва электр энергияси етказиб беришдаги узилишлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмларига салбий таъсир қилди.

Бу қарийб 30 минг тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарздорлигининг 1,2 трлн сўмга ўсишига олиб келди ва бюджет тушумларининг тўлиқ тушишига салбий таъсир кўрсатди.

Бу шароитда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида президент қарори билан уларнинг солиқ қарздорликлари бўйича пеня ҳисоблашни тўхтатиш, солиқ қарздорликларини бўлиб тўлаш, моддий жавобгарликларга тортмаслик, кредит тўлов муддатларини узайтириш ҳамда айланма маблағларни тўлдиришга кредит олиш шартларини енгиллаштириш каби чоралар белгиланди.

Бюджет даромадлари 2022 йилнинг январь ойида 13,4 трлн сўмни ташкил қилган бўлса, 2023 йил январида 14,9 трлн сўмни ташкил қилди. Солиқ қарздорлиги ошмаган тақдирда, даромадлар ўсиш суръатининг юқорироқ бўлиши кутилганди.

Бюджет тақчиллигини йиллик тасдиқланган кўрсаткич доирасида бўлишини таъминлаш учун, одатда, йил давомида солиқ-бюджет соҳасида тегишли чоралар кўрилади. Молия йили ичида эса даромадлар ва харажатлар ўртасидаги тафовут ўзгариб туриши мумкин, — дейилади вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан доимий равишда эълон қилиб бориладиган маълумотлар рўйхати, уларнинг даврий чоп этишнинг аниқ саналари (иқтисодий календарь) ишлаб чиқилмоқда ва бу тўғрисида яқин кунларда расмий ахборот берилади.

«Газета.uz» вазирликдан йил бошидан буён давлат бюджети даромадлари ва харажатлари тўғрисидаги маълумотларни сўради, бироқ ҳозирча жавоб олинганича йўқ.