2022 йил февраль ойида Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан буён 9511 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 17206 нафар тинч аҳоли жароҳат олган. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг янгиланган ҳисоботида сўз боради.

Украина ҳукумати назорати остидаги ҳудудларда 7396 киши ҳалок бўлган, 14207 киши жароҳатланган. Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудида эса камида 2115 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, 2999 киши жароҳатланган.

Ҳалок бўлганлар орасида: 4405 нафар эркак, 2638 нафар аёл, 233 нафар қиз ва 287 нафар ўғил бола, шунингдек, жинси аниқланмаган 29 нафар бола ва 1919 нафар катталар бор. Мазкур ҳисоб-китоблар 27 август ҳолатига кўра.

«Олий комиссар бошқармасининг фикрича, [тинч аҳоли ўлими ва жароҳатлари] ҳақиқий сони анча юқори, чунки шиддатли жанглар бўлаётган баъзи ҳудудлардан маълумотлар кечиктирилган ва кўплаб ҳисоботлар ҳали ҳам тасдиқланиши кутилмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Бу аҳоли пунктларига Мариуполь (Донецк вилояти), Лисичанск, Попасная ва Северодонецк (Луганск вилояти) киради, уларда кўплаб тинч аҳоли қурбонлари бор, дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари.

1 августдан 27 августгача бошқарма Украинада 585 нафар тинч аҳоли қурбонларини қайд этди. Улардан 108 киши, жумладан, беш нафар бола ҳалок бўлган, 477 нафари жароҳатланган. Статистик маълумотларга кўра, қурбонларнинг кўпчилигига кенг радиусли портловчи қуроллардан фойдаланиш сабаб бўлган.