Ўзбекистонда ўқитувчиларни ишга қабул қилиш, уларнинг малакасини ошириш ва тоифа бериш тизими «тўлиқ ўзгаради». Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 28 август куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳар йили мактабларда 8 минг ўқитувчи ишга қабул қилинади, янги мактаблар ҳисобига яна шунча ўқитувчига эҳтиёж пайдо бўлади.

Президентнинг майдаги қарорига асосан 2024 йил 1 январдан мактабга биринчи марта ишга қабул қилинаётган ўқитувчиларни касбий сертификатлаш тизими жорий этилиши кўзда тутилган. Давлат раҳбари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига янги тизимни биринчи навбатда ўқитувчиларнинг билим даражаси паст бўлган 20 та туманда синовдан ўтказиш бўйича топшириқ берди.

Бундан буён ўқитувчиликка қабул қилиш танлов асосида бўлади. Илк бор қабул қилинган номзодлар 1 йил ўқитувчи-стажёр бўлиб ишлайди ва йил якунида касбий сертификат олиши лозим бўлади. Келгусида бу тизим барча ўқитувчилар учун босқичма-босқич жорий қилинади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига Сингапур ва БАА тажрибаси асосида педагог кадрларга касбий сертификат бериш тартибини ишлаб чиқиш топширилди.

ўқитувчилар, шавкат мирзиёев

Йиғилишда таъкидланишича, ўқитувчиларнинг малакаси табақалашган ҳолда оширилади, яъни малака оширишдан олдин ўқитувчининг билими диагностикадан ўтказилади ва натижасига кўра индивидуал касбий ривожланиш йўналишлари белгиланади.

Бунда муаллимнинг билим кўрсаткичлари баҳоланади ва паст натижа олганлари бўйича ўзи ўқиган олийгоҳга рекламация (эътироз) юборилади.

Бу натижалар педагогик олийгоҳлар фаолиятига учун ҳам баҳо бўлади. Паст натижа кўрсатган ўқитувчилар анъанавий усулда, юқори натижага эришганлари онлайн шаклда малака оширади.

Шавкат Мирзиёев вилоят ҳокимларига 14 та малака ошириш марказини таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича дастур қабул қилиб, амалий ишларни бошлашни топширди. Йил якунигача ҳудудий марказлар бошқарувига хорижий мутахассислар олиб келинади.

Шунингдек, йиғилишда ўқитувчиларга малака тоифасини бериш икки босқичда — дастлаб педагогнинг билими, сўнгра методикасини текшириш орқали амалга оширилиши айтилди. Олий таълим вазирлигида педагогик таълимга масъул вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими жорий этилади.

Тошкент ва Чирчиқдаги педагогика университетларида ўқитувчилар Президент мактаби дастури асосида тайёрланади. Бу олийгоҳлар педагогика йўналишидаги институтлар учун «таянч олийгоҳ» бўлади.

Бундан ташқари, видеоселекторда 6 млн сўмдан 10 млн сўмгача маош оладиган ўқитувчилар сони 23 мингга етгани, 10 млн сўмдан юқори ойлик олаётганлар сони эса минг нафардан ошганини маълум қилинди.