28 август куни президент Шавкат Мирзиёев таълим сифати, ўқувчи ўрни ҳамда ўқитувчилар малакаси бўйича ўтказган йиғилишида муаллимларга малака тоифасини бериш икки босқичда амалга оширилишини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Биринчи босқичда педагогнинг билими дастлабки имтиҳонда баҳоланиб, 70 фоиздан кўп балл тўплаганлар иккинчи босқичга ўтади. Иккинчи босқичда илғор педагогик технологияларни қўллаши, ўқувчилар билан ишлаш методикаси ва баҳолашдаги ёндашувлари текширилади.

Шундан сўнг билим ва маҳорати натижаларига қараб муаллимга малака тоифаси берилади. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига йил якунига қадар янги тажрибани ўқитувчиларнинг билим даражаси паст бўлган 20 та туманда синовдан ўтказишга топшириқ берилди.

Шунингдек, педагогика йўналишидаги олийгоҳлар алоҳида ёндашув асосида ривожлантирилади. Бунинг учун Олий таълим вазирлигида педагогик таълимга масъул вазирнинг биринчи ўринбосари лавозими киритилади.

Вазирликда педагогик таълим бўйича алоҳида кенгаш тузилиб, унга педагогика олийгоҳлари ректорлари киритилади. Тошкент ва Чирчиқдаги педагогика университетларида ўқитувчилар Президент мактаби дастури асосида тайёрланади. Бу олийгоҳлар педагогика йўналишидаги институтлар учун «таянч олийгоҳ» бўлади.

Йиғилишда келгуси ўқув йилидан кадрлар етишмайдиган, оғир мактаблар олдиндан танланиб, улар учун мақсадли давлат буюртмаси жорий қилиниши белгиланди. Яъни келгуси йиллардаги талабни ҳозирдан аниқлаб, зарур мутахассисликлар бўйича муаллимларни олдиндан тизимли тайёрлаш йўлга қўйилади. Мақсадли буюртма асосида ўқитувчиларни тайёрлаш тўлиқ давлат грантига ўтказилади.

Келгуси ўқув йили учун педагогика олийгоҳларининг қабул квоталарини белгилашда ушбу янги тартиб назарда тутилади.