Президент Шавкат Мирзиёев 28 август куни мактаб таълими бўйича видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда 10 млн сўмдан ортиқ маош олаётган ўқитувчилар сони минг нафардан ошганини маълум қилди, дея хабар бермоқда унинг матбуот котиби.

Қайд этилишича, ўтган даврда муаллимларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 2,5 баравар ошган. Жумладан, чет тили, IT, математика, кимё, биология бўйича миллий ва халқаро сертификати бор ўқитувчиларга устама, чекка ҳудудга бориб ишлаган муаллимларга алоҳида тўлов жорий этилди.

«Натижада 6 миллион сўмдан 10 млн сўмгача маош оладиган ўқитувчилар сони 23 мингга етди, 10 млн сўмдан юқори ойлик олувчилар 1 мингдан ошди. Бу ҳам яхши, лекин бу жуда кам», — деди президент.

Эслатиб ўтамиз, президент 2021 йил 10 ноябрдаги инаугурация маросимидаги нутқида ўқитувчилар ва шифокорлар ойлик маошини белгилаш масаласига тўхталиб ўтганди.

«Очиқ айтиш лозим, биз бу заҳматкаш, фидойи инсонлар олдида ҳали қарздормиз. Шу боисдан ҳам, қанчалик қийин бўлмасин, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш чоралари кўрилади», — деганди ўшанда президент.

Аввалроқ «Газета.uz» cўнгги беш йил ичида таълим соҳасида ўртача иш ҳақи 2,5 баробар ошгани, бироқ мамлакатдаги ўртача иш ҳақига нисбатан фарқ 16,8 фоиздан 26,5 фоизгача кўтарилгани ҳақида ёзганди.

Унга кўра, Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь-март ойларида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ўртача иш ҳақи бошқа соҳаларга қараганда секинроқ ўсган, шу боис мамлакатда ўртача иш ҳақи даражаси билан тафовут кенгайишда давом этган. 2022 йил биринчи чорак якунлари бўйича ўртача номинал иш ҳақи 3,42 млн сўмни ташкил этди. Таълим соҳасида бу сумма 2,52 млн сўмни ташкил этган.