22 август куни Боку шаҳрида президентлар — Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев томонидан Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ташкил этиш тўғрисидаги шартнома имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёевнинг президент этиб қайта сайланганидан кейинги илк давлат ташрифи давомида давлатлар, ҳукуматлар ва идоралар даражасида 15 та ҳужжат қабул қилинди.

2023−2024 йилларда ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш бўйича «йўл харитаси», энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисида, ёшларга оид сиёсат ва спорт соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар шулар жумласидандир.

Фуқароларнинг визасиз қатновлари тўғрисидаги битимга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, Е-permit рухсатнома бланкларини электрон алмашиш ахборот тизимини жорий қилиш, оила ва болаларни муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги борасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди ҳамда Хавфсизлик кенгашлари котибиятлари ўртасидаги, киберхавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.

«Яқинлашишга ўзаро интилиш борлиги»

илҳом aлиев, озарбайжон, шавкат мирзиёев

«Сайловдан кейинги биринчи ташрифимни айнан Озарбайжонга амалга ошираётганим рамзий маънога эга. Бу икки томонлама ҳамкорлигимиз энг юксак даражага чиққани, яқинлашишга ўзаро интилиш борлиги, шериклик учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради», — деди Ўзбекистон президенти музокаралар якунида.

Унинг таъкидлашича, мамлакатлар имзолаган шартнома икки томонлама муносабатларда янги босқични бошлаб беради.

«Ўзбекистон Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигини доим қўллаб-қувватлаб келгани ва бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаши таъкидланди. Шу муносабат билан мамлакатимиз етакчиси Қорабоғда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этиб, бу ерда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг кўлами ва суръатини юқори баҳолади», — дея иқтибос келтирган давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

«Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасида ҳеч қандай муаммоли масалалар йўқлигини таъкидлаш жоиз. Биз қардош халқларимиз манфаатлари йўлида катта салоҳиятдан самарали фойдаланишнинг янги имкониятлари ва механизмларини излаш долзарб эканига урғу бердик», — деди Шавкат Мирзиёев.

Савдо, саноат кооперацияси, логистика, маданият

илҳом aлиев, озарбайжон, шавкат мирзиёев

Икки давлат президентлари ва делегацияларининг музокараларида кўп қиррали шерикликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди, дейилади хабарда.

Савдони кенгайтириш, саноат кооперацияси ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Автомобилсозлик, металлургия, энергетика, қишлоқ хўжалиги, электротехника, тўқимачилик саноати, туризм ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳалар кўриб чиқилди.

Бундай лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшма Инвестиция жамғармаси ва Ўзбекистон-Озарбайжон сармоя компанияси ташкил этилган.

Яқин йилларда учинчи мамлакатлардан қиммат импортнинг ўрнини миллий ишлаб чиқарувчиларнинг арзон ва сифатли маҳсулотлари билан босиш орқали товар айирбошлашни 1 млрд долларга етказиш учун барча имкониятлар мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев куни кеча икки мамлакат етакчи компаниялари иштирокида ўтган бизнес форуми якунларини юқори баҳолади.

Етакчилар транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегик жиҳатдан муҳимлигини қайд этди. Янги логистика занжирларини ривожлантириш ва инфратузилмани қуриш лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, юк ташиш ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришилди.

Ўтган йилда Ўзбекистон юкларини Боку порти орқали ташиш ҳажми қарийб икки баробар ошди. Мамлакатимиз бундан буён ҳам Озарбайжоннинг замонавий транспорт тармоғидан фойдаланиб, юк ташишни кўпайтириш ниятида. Шу маънода, Транскаспий йўлаги доирасида қўшма логистика компаниясини ташкил этиш ҳамда Боку шаҳри ва учинчи мамлакатлар портларида омборхона инфратузилмаси ва логистика марказларини барпо этиш чоралари муҳокама қилинди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг яна бир драйвери сифатида икки мамлакат ҳудудларининг имкониятлари максимал даражада ишга солинади. Ҳокимлар ва маъмуриятлар раҳбарлари янги кооперация лойиҳалари ва гуманитар алмашинувни илгари суриш учун жойларда мунтазам учрашади.

Музокараларда маданият соҳасидаги алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди. Яқинда Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари катта муваффақият билан ўтди. Ушбу тадбирлар доирасида Бокуда ўзбек мумтоз адабиётининг буюк вакили Абдулла Қодирийнинг озарбайжон тилига таржима қилинган «Ўткан кунлар» романи тақдимот қилинди.

Етакчилар БМТ, Туркий давлатлар ташкилоти, МДҲ, ЕХҲТ, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа кўп томонлама институтлар доирасида ҳам самарали мулоқотни давом эттиришга аҳдлашиб олди.