22 август куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Улуғбек Лапасов БМТ бош котиби Антониу Гутерришга ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Бош котиб Шавкат Мирзиёев бошчилигида жамиятни демократлаштириш, иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган ислоҳотларни юксак баҳолади. Ўзгаришларни амалга оширишда, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда БМТ Ўзбекистонга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.

Антониу Гутерриш Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган салмоқли ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини ҳамда БМТ орқали бўлажак олий даражадаги қўшма тадбирлар жадвалини муҳокама қилди.

Эслатиб ўтамиз, Улуғбек Лапасов 4 август куни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили бўлганди. Тайинловга қадар 2018 йилнинг июль ойидан буён Женевадаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги Ўзбекистоннинг доимий вакили сифатида ишлаб келаётганди. Лапасовдан аввал Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов бўлган.