Вазирлар Маҳкамасининг [406-сонли] қарори билан 21 августдан бошлаб автобусларда йўловчиларни кечаси ташишга рухсат берилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қарорга кўра, автобус ҳайдовчилари йўловчиларни тунда шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро мунтазам йўналишларда ички ишлар органлари ҳамроҳлигисиз ташишига рухсат берилади. Бунда ҳайдовчилар меҳнат ва дам олиш режимини назорат қилиш қурилмаларига эга бўлиши керак. Режимга риоя этилишини назорат қилувчи инспекторлар 2024 йил 1 январдан зарур қурилмалар билан таъминланади.

Шунингдек, 1 январдан шаҳарлараро, вилоятлараро ва халқаро йўловчи ташувчи автотранспортлар ҳайдовчиларининг иш вақти табеллар, йўл варақлари, чиптани ҳисобга олиш варақлари тахограф кўрсаткичига асосан ҳисобга олинади.

Қарорга кўра, мунтазам йўналишларда йўловчи ташиш қоидалари бузилса, меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилмаса, Транспорт назорати инспекцияси ходимлари баённома тузади. Бунга маъмурий жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ҳужжатда сочилувчан (қадоқланмаган) қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва озиқ-овқат товарларини, қурилиш ва маиший чиқиндиларни, шунингдек, бошқа тўкиладиган (иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари) юкларни N, O3 ва О4 тоифадаги бортли машиналарда ташиш тартиби белгиланди. Ўзи ағдарувчи автотранспортларда эса товарлар мажбурий тартибда брезент ёки поливинилхлорид қопламали материаллардан тайёрланган тент билан борт сатҳидан оширмасдан ва бортга мустаҳкам қотирилган ҳолда юза қисми тўлиқ ёпилган тарзда ташилиши керак.

Бундан ташқари, тошкўмир, қўнғир кўмир, кокс, маъдан ва маъдан концентратлари ички йўналишларда очиқ турдаги вагонларда бортидан ошириб юкланганда, юкни ташишда брезент ёки поливинилхлорид қопламали материаллардан тайёрланган тент билан қопланган ҳолда ташилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2019 йил сентябрь ойидан бошлаб Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, автобусларга тунги вақтда йўл ҳаракати полицияси ва Ички ишлар вазирлигининг хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинмалари пулли асосда ҳамроҳлик қилиши керак эди.