ИИВ ЙҲХББ эндиликда йўл-патруль хизмати ходимлари дислокацияси тушунчасидан воз кечади, дея маълум қилди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Фарғонада бўлиб ўтган ИИВ ҳайъати йиғилишида.

«Барча йўл-патруль хизмати ходимлари учун маҳаллаларни қамраб олувчи жавобгарлик ҳудуди белгилаб қўйилади», — деди у.

Маълумки, ҳозирда ЙПХ инспекторлари асосан чорраҳаларда ва йўл ҳаракати қоидабузарликлари тез-тез содир бўладиган жойларда навбатчилик қилади. «Газета.uz» мухбирлари билан суҳбатда улар Тошкентда эътибор радиуси 50 метрни ташкил этишини маълум қилишди.

Ваъдаларга қарамай, мамлакатда кўп йиллардан буён кўчаларда патруллик қилиш ҳамда кўп сонли қоидабузарликларни фото ва видеога олиш амалиёти татбиқ этилаётгани йўқ. Оқибатда ЙПХ ходимлари навбатчилик қилаётган жойдан 100 метр масофада ўнлаб қоидабузарликлар кузатилиши мумкин, бунинг учун эса ҳеч ким жавобгар эмас.

Президент эндиликда «Йўл ҳаракати хавфсизлиги — жамоатчилик назоратида» тамойили асосида йилига камида икки марта ижтимоий сўров ўтказиш йўлга қўйилишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, энг хавфли йўл ва чорраҳалар харитаси шакллантирилиб, уларни тартибга солиш учун нечта светофор ёки қанча узунликдаги йўл тўсиқлари кераклиги, қайси ҳудудларга ер усти ва ер ости пиёда йўлаклари зарурлигини таъкидлаб, масъул шахслар ва барча вилоятлар ҳокимларига бир ой муддатда маслаҳатчиларни жалб этиш, энг хавфли кўча ва чорраҳаларни ободонлаштириш бўйича лойиҳаларни бошлаш бўйича топшириқ берди.

Бундан ташқари, ҳаракат хавфсизлиги учун жиддий хавф туғдираётган «яма» ва «гармошкалар»ни таъмирлаш учун қанча маблағ зарур, деган саволларга аниқ ҳисоб-китобларини бериш топширилди.