Президентнинг 31 майдаги фармони билан ташкил этилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)га Жасур Салихов ректор этиб тайинланди. Бу ҳақда Экология вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

1976 йил Тошкент шаҳрида туғилган Жасур Салихов Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бакалавриат, Буюк Британиянинг Йорк университети ҳамда Япониянинг Васеда университетларида магистрлик даражаларини олган. Оксфорд университети Ориэль коллежида тадқиқотчилик қилган.

Жасур Салихов 2014 йилдан 2023 йил бошигача Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтига ректорлик қилган. Бугунга қадар Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ижтимоий ривожланиш департаменти директори ҳамда молия ва бошқарув проректори лавозимларида ишлаган.

Янги университет ҳақида

Green University`да таълим давлат гранти ва тўлов-контракт асосида ташкил этилади. Етакчи, эътироф этилган халқаро имтиҳон тизимлари (TOEFL, IELTS, CEFR, SAT General, SAT Subject ва бошқа) сертификатларига эга абитуриентлар тегишли фанлардан энг юқори балл олади ва ушбу фанлардан имтиҳондан озод қилинади.

Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун бакалавр таълим йўналиши бўйича камида 25 та ҳамда магистратура ва докторантура (PhD) мутахассисликлари бўйича камида 20 та грант ўринлари ажратилади.

Университетни тамомлаган Ўзбекистон фуқаролари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Миллий кадрлар захирасига, 5 йиллик иш стажига эга бўлгандан кейин мутахассислиги бўйича раҳбар лавозимларга тайинланадиган истиқболли номзодлар рўйхатига киритилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Green University`нинг васийлик кенгаши раиси ҳисобланади. Кенгаш ҳамраислари эса Марказий Осиё мамлакатларининг тегишли вазирликлари томонидан тавсия қилинади.

Шунингдек, кенгаш таркибидан Президент администрацияси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасининг масъул ходимлари, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи бош директори, БМТ ривожланиш дастури доимий вакили ва бошқа экология соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ўрин олган.

Университет давлат ОТМ ҳисобланиб, фаолияти Hub and Spoke тамойили асосида йўлга қўйилади. Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасининг муҳим экологик, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий муаммоларини ҳал этишга қодир мутахассислар, олим, тадқиқотчи, раҳбар ва тадбиркорларни тайёрлаш университетнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.