Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университети — Green University таъсисчиси бўлди. Бу ҳақда вазир Азиз Абдуҳакимов «Газета.uz»га маълум қилди. Университет 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб абитуриентларни қабул қилишни бошлайди.

Таълим муассасаси Марказий Осиёнинг муҳим экологик, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-техникавий муаммоларини ҳал этишга қодир кадрларни тайёрлайди, шунинг учун минтақанинг барча давлатларидан келган талабалар университетда таҳсил олишлари мумкин бўлади.

«Лавозимга тайинланганимдан сўнг (табиат ресурслар вазири, бу лавозим вазирлик ўзгаришидан олдин шундай аталган эди — таҳр.) қўшни давлатлардаги ҳамкасбларим билан қўнғироқлашиб, учрашдим ва биз барча ҳаракатларимизда минтақавий ёндашувни қўллашга келишиб олдик, чунки табиат маъмурий чегараларни тан олмайди», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Университет Hub анд Spoke тамойили асосида ишлайди. Азиз Абдуҳакимовнинг тушунтиришича, университетда бакалавриат, магистратура ва докторантурадан ташқари экология билан боғлиқ фанлар бўйича ҳам таянч бўлмаган мутахассислар тайёрланади.

«Бизда ва қўшниларимизда журналистлар, ҳуқуқшунослар, бошқа соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлайдиган университетлар бор. Биз аллақачон улар билан мазкур университетлар талабалари бизда ўқиши, имтиҳон топшириши ва шу қаторда бизнинг экожурналист, экоҳуқуқшунос дипломларимизни олиши мумкинлигини келишиб олдик», — деди вазир.

Университетнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • жаҳоннинг етакчи «яшил» университетлари томонидан қўлланиладиган илғор таълим дастурларини ишлаб чиқиш, мослаштириш ва жорий этиш;
  • илмий фаолият;
  • илмий тадқиқотлар ва амалий билимларнинг интеграцияси;
  • мамлакат, минтақа ва жаҳон илмий марказлари билан бирлашиш;
  • хорижий илмий экспертларни жалб этиш;
  • инновацион ва илмий фаолиятни тижоратлаштириш.

Green University`да таълим кредит-модуль тизими асосида ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.

Таълим жараёни «фан — таълим — ишлаб чиқариш» интеграцияси тамойили бўйича ташкил этилади. Биринчи курсдан бошлаб талабалар саноат ва илмий марказларга бириктирилиб, магистрлар «Эл-юрт-умиди» жамғармаси маблағлари ҳисобидан хорижда ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.

Таълим бюджет ва тўлов контракт асосда амалга оширилади. Давлат грантлари қуйидагиларга берилади:

  • Президент мактабларининг Baccalaureate, Advanced Placement, International Advanced Levels халқаро дастурлари дипломлари ва сертификатларини олган битирувчилари;
  • экология, математика, физика, кимё, биология, география, информатика ва ер фанлари бўйича халқаро олимпиадалар ғолиблари;
  • юқори балл тўплаган ва кириш имтиҳонларини муваффақиятли топширган абитуриентлар ва ягона ижтимоий таъминот реэстрига киритилган оила фарзандлари.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ўрмон хўжалиги, яшил иқтисодиёт ва гидрометеорология йўналишларида таҳсил олаётган иқтидорли талабалар экология вазирининг стипендиясини олишлари мумкин бўлади.

Университет вақтинчалик ўрмон хўжалиги техникуми биносида жойлашган бўлиб, Янги Тошкент ҳудудида янги бино қурилади.

Университет таркибида этноэкология илмий-тадқиқот маркази ҳам ташкил этилмоқда. У Бухорода жойлашади. Марказ мутахассислари турли жойларда яшовчи одамлар атрофдаги экотизимлар ва уларнинг атроф-муҳит билан муносабатини қандай тушунишларини илмий жиҳатдан ўрганадилар.