Twitter ўз логотипини ўзгартирди. Энди логотипда кўк қушча ўрнига қора фондаги оқ «Х» белгиси пайдо бўлди.

Ижтимоий тармоқ ребрендинги арафасида унинг эгаси Илон Маск томонидан эълон қилинди. «Тез орада биз Twitter бренди ва секин-аста барча қушлар билан хайрлашамиз», — деб ёзди у янги логотипни тақдим қилиб.

Маск, шунингдек, х.com домени Twitter`га автоматик йўналтиришни бошлаганини ҳам маълум қилди. Бундан ташқари, у платформанинг стандарт рангини қора рангга ўзгартириш таклиф этган сўровнома ўтказди. Унда 1,8 миллиондан ортиқ фойдаланувчи иштирок этди. Уларнинг деярли 75 фоизи ижтимоий тармоқ рангини ўзгартиришни қўллаб-қувватлаган.

24 июль куни у ўз твитларининг бирида янги логотипни, бошқасида эса Х ҳарфи туширилган компания офис биноси суратини жойлаштирганди.

Маълумот учун, Twitter`нинг кўк қушли асл логотипи 2012 йилда учта дизайнердан иборат жамоа томонидан ишлаб чиқилган.