17 июль куни Effect.uz Телеграм-каналида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Косимов Денов тумани Хазарбоғ қишлоғидаги пахта кластерлари раҳбарларига ғўзани нотўғри парвариш қилгани учун танбеҳ бераётгани акс этган видео эълон қилинди. Видеони ҳокимлик вакилларидан бири тасвирга олганга ўхшайди.

Видеода айрим кластерларнинг доимий етакчилари ва амалдорлар, жумладан, ҳуқуқ-тартибот идоралари формасидагилар ҳам акс этган. Ҳоким кимнидир нотўғри суғориш, далаларни бегона ўтлар босиб кетган, гўнг этишмаслиги учун танбеҳ қилади.

«Қаерга қараяпсан, катта холангни пулини тарқатяпсанми, нима учун ўғит бермаяпсан? Кластер бўлсанг, нега „чеканка“ қилдирмаяпсан? Қани одам, эй ноинсоф ҳамманг, ўйинчингни топиб олдинг, артистлар. Далада гўнг йўқ, ҳамма далада ўргимчак кана», — дейди ҳоким.

21 июль куни худди шу канал видеонинг яна бир қисмини эълон қилди. Унда ҳоким кимнидир қамоққа олишни буюради. Оммавий ахборот воситалари бу фермер эканлигини тахмин қилди.

«Муттахам юришинг шу фасон бўлиб, ҳамма нарсага тупуриб қўйгансан. Денов ёниб кетмайдими, э сенга ўхшаган, бунақа виждонсиз боқибеғамни ҳаётимда кўрмаган. Кўр-кўрни қоронғуда топади, бир-бирингга (ҳоким ўринбосари Алишер Алимардонов) моссан», — дейди Улуғбек Қосимов. Effect.uz нашрининг ёзишича, ҳоким ўринбосари (туман бўлса керак) Алишер Алимардоновга мурожаат қилмоқда. Интернетда шундай исмли шахс собиқ хўжалик раҳбари сифатида кўрсатилган.

«Деновни ўлдириб, тамом қилдинг, ҳамма тумандан орқада. Шарманда қилиб, ер остига кўмиб юбординг. Ёз Илҳом оғайни, бугун қамоққа оласан. Ишингни тайини йўқ, юрибсан тентираб, ҳамма ўйинчилик қилиб, ўйинга ўтиб олгансанлар, ноинсофлар. Бир кун юриб ёқамни ушладим, ҳамма нарса «саматок», — дейди ҳоким.

Шу куни, 21 июлда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати видео 4 июль куни Улуғбек Қосимов мутасадди ва фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказаётган вақтда суратга олинганини маълум қилди.

«Йиғилишда вилоят ҳокими тумандаги айрим фермер хўжаликлари пахта далаларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги, ажратилган ресурслардан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилаётганини танқид қилиб, мутасаддиларга мавжуд ҳолатларни ўрганиш ва ноқонуний хатти-ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо бериш топшириғини берган», — дея хабар қилди матбуот хизмати.

«Йиғилишдан сўнг эса хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш айтилган фермер хўжаликлари раҳбарларига камчиликларини тўғирлаш учун имкон берилган ва мавжуд муаммолар қисқа муддатда бартараф этилган. Ҳеч қайси фермер хўжалиги раҳбари қамоққа олинмаган», — дейилади хабарда.

Улуғбек Қосимов 2021—2022 йилларда Тошкент шаҳар прокурори бўлиб ишлаган, ўтган йилнинг декабрь ойида эса Сурхондарё ҳокими в.б. бўлган эди.

Жорий йилнинг январь ойида «Газета.uz» унинг топшириғига кўра Денов туманида (бир вақтлар бу ерда ҳоким бўлган) карам, сабзи ва пиёз ўсиб турган далалар ғўза экиш учун ҳайдаб ташлангани ҳақида ёзган эди. Ўшанда эълон қилинган видеода ҳоким далада алмашлаб экиш услуби қўлланилса ҳам (ердан самарали фойдаланиш учун бир экиндан кейин бошқа экин экилади) барча майдонларни шудгорлаш ҳақида кўрсатма берган эди.

Шунингдек, туман ҳокими, прокурори ва бошқа сектор раҳбарларига танбеҳ бериб, ярим тунда кластерлардан бирининг раҳбарини Термизга чақиришни топширади. Кейин: «Уни умуман ҳокимият ҳудудига киришга ҳам ҳақи йўқ, Термиз шаҳрида кутсин. Мен қачон, қаерга чақиришимни [айтаман]», — дея қўшимча қилади у.

кластер, сурхондарё, улуғбек қосимов, фермер хўжалиги

Фермерлар, ҳар йили бўлгани каби, ҳосилни йиғиб олиш учун вақт беришни сўрашади, аммо далалар ҳосил билан бирга ҳайдаб ташланди. Улар буни адолатсизлик деб аташди, лекин ерлари олиб қўйилишидан қўрқиб, ўз позицияларини очиқ айтишдан қўрқишди. Далаларни шудгорлаш бўйича видео ҳисоботлар мунтазам равишда ҳоким в. б. га юбориб турилди.

Жорий йилнинг март ойида Улуғбек Қосимов Сурхондарё ҳокими этиб тасдиқланди.