2022 йил декабрь ойидан Сурхондарё вилоятининг ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаб келган Улуғбек Қосимов вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Шавкат Мирзиёев унинг номзодини Термиз шаҳрида бўлиб ўтган халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши сессиясида таклиф қилди.

Номзоднинг вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш, қишлоқ хўжалиги ва саноатни ривожлантириш, ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режалари эшитилди ва муҳокама қилинди.

Сўнг Сурхондарё вилояти ҳокимини тайинлаш масаласи овозга қўйилди. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

У 2022 йил декабридан бери ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида ишлаб келаётганди.

«Бугунги сессияда Сурхондарё вилоятига ҳоким тайинлаш бўйича ташкилий масалани кўриб чиқишимиз керак. Вилоят депутатлари ва фаоллари билан маслаҳатлашиб, вилоят ҳокими вазифасини бажариб келаётган Қосимов Улуғбек Бердиқобилович номзодини бу лавозимга таклиф қиламан. Улуғбек Қосимовга берилган қисқа вақт ва имконият Сурхондарёдаги вазият ва аҳоли ташвишларини чуқур ўрганиш учун етарли, деб ҳисоблайман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Маълумот ўрнида, Улуғбек Қосимов Музработ ва Денов туманлари ҳокими, Сурхондарё ва Фарғона вилояти прокурори лавозимларида ҳам фаолият кўрсатган.

Президент, шунингдек, вилоятнинг 13 туманига бир кунда янги ҳокимлар тайинлангани бўйича фикр билдирди.

«Энг асосийси, одамларимиз ва тадбиркорларда келажакка ишонч пайдо бўлди. Энди кўнглимдаги битта гапни айтсам. Агар яна бир-икки йил биргаликда қаттиқ ишласак, Сурхондарёда жуда катта ривожланиш, ўсиш бўлади. Шу боис 13 та туман ҳокими лавозимига республика идораларида ишлаган, малакали кадрларни қўйдик», — деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил майидан бери ҳоким сифатида ишлаб келган, 2022 йил декабрда лавозимидан озод этилган Тўра Боболов Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари сифатида иш бошлаган.