Тўра Боболов бошқа ишга ўтиши муносабати билан Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимидан озод этилди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаб келган Улуғбек Қосимов Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Улуғбек Қосимов Музработ ва Денов туманлари ҳокими, Сурхондарё ва Фарғона вилояти прокурори лавозимларида ҳам фаолият кўрсатган.

Маълумот ўрнида, Тўра Боболов 2019 йилнинг май ойида Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди. Боболов 2020 йил январида вилоят ҳокими лавозимига расман тасдиқланган.

2022 йил август ойида Тўра Боболов Ангор туман прокурорини ҳақорат қилгани акс этган аудио тарқалганди. Унда ҳоким прокурорга вазифаларини бажармагани, қолаверса, ташкилотларга нисбатан жиноят иши очгани учун танбеҳ берган. Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимлиги ва Бош прокуратура муносабат билдирганди.

Орадан вақт ўтиб, сентябрь ойида президент вилоят ҳокимини ишдан бўшатиш билан таҳдид қилганди. Давлат раҳбари Ангор тумани прокурори билан бўлган суҳбатини ҳам эслаб ўтган. «Чарчаган бўлсанг, сени ҳам ишдан оламан», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ой охирида эса Тўра Боболов президент қарори билан ўзгаларни ҳақорат қилгани, ҳокимларга қўйилган талабларни бажармагани ва ўз фаолиятини давлат сиёсатига мос равишда ташкил этмагани учун жаримага тортилганди.