Тошкент шаҳар прокурори лавозимида ишлаб келган Улуғбек Қосимов 2022 йилнинг 26 декабрь куни Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди. У 2023 йилнинг 7 январь куни вилоятнинг Денов туманида бўлиб (Қосимов ўз вақтида Денов туманига ҳам ҳокимлик қилган), фермер ва кластер раҳбарларининг ишларини танқидий таҳлил қилган.

«Шудгор қилинмаган бир сантиметр жой топсам, ердан шу заҳоти айриласиз»

Маҳаллий блогерлардан бири учрашувдан видеолавҳаларни ижтимоий тармоқларда эълон қилган. Унда вилоят ҳокими Денов туманининг кўрсаткичлари барча йўналишлар бўйича пасайиб кетганини кўрсатиб, маҳаллий пахта ва ғалла кластерлари вакилларини қоралаётганини, шунингдек, далаларни пахта экишга тайёрламаган масъулларни қатъий танқид қилаётганини кўриш мумкин.

Қуйида вилоят ҳокимининг Денов қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари олдидаги чиқишининг бир қисми матни билан танишиш мумкин:

Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов Денов тумани қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан учрашувда, 2023 йил 7 январь. Кадр: Денов тумани ҳокимлигиСурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Қосимов Денов тумани қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан учрашувда, 2023 йил 7 январь. Кадр: Денов тумани ҳокимлиги

Ҳамма фермер қулоғига қўйиб олсин — эрта кечгача муддат. Абдусамад ака, уч кун ичида бирортасида [шудгор қилинмаган] бир сўтих ер қоладиган бўлса, кластердан ҳам айриласизлар, фермерликдан ҳам кетади.

Деновда кластер бўламан деган сон мингта. Бу валломат, агар оёғи ердан узилган бўлса, бу ерга келишга жирканадиган бўлса, умуман керак эмас — йўқолсин! Деновда кластер бўлиб ишлайман деган миллионта. Деновдек туман республикада йўқ. Бундай ер йўқ ҳеч қаерда. Бундай сув йўқ. [Ер] такрорий экинда турадими, бошқами, мен билмадим.

Мана, «Сифат Текстил» МЧЖнинг ўзида томчилатиб суғориш 433 гектар ерда қилинган, холос. Қолганини ким қилади? Қани бу кластер? Термизга чақиртириб қўйинг, кечаси 12 га. Каттакони, муассиси келсин, кечаси 12 да. Уни умуман ҳокимият ҳудудига киришга ҳам ҳақи йўқ, Термиз шаҳрида кутсин. Мен қачон, қаерга чақиришимни [айтаман]. Ишламоқчи бўлса, бўлди. Бўлмаса, бугуннинг ўзида устидан хат бериб юбораман. Техникаси бўлмаса, умуман кераги йўқ. Ишласа ишласин, нима қилади бизни, фермерларни овора қилиб? Ҳамма қарзга ботиб кетган.

329 та култиватор чопиқ трактордан 143 таси [шудгор қилишга] кирмаган. Қани началник милиция? Сиз ўзи нима иш билан шуғулланасиз, оғайни? Сизга мен бир кун муддат берган эдим, Музработда, нимага кирмади [техникалар]? Нимага шу пайтгача тугатмадингиз?

Ҳоким, прокурор, ҳамма секторлар турсин ўрнидан. Сизлар ҳаммаларингиз ўйинқароқлик билан… Сизларнинг бирортангга Денов билан ўйнашишга, Денов халқини бундай «тупик»га тиқишга ваколат берилмаган. Сенлар ишламай ялқовлигингни орқасидан ҳамма жой мана шундай пароканда бўлиб ётибди.

Ғалла ҳаётда бундай ғалла бўлмаган. Шудгор қилинмаган бугунгача. Мен начальник милицияга техникани опкиртир, деб [айтгандим] — сиз, нима, буйруқни бажармай қўйганмисиз? Форма кийиб юрибсизми ё формасизмисиз? Қулоғингиз том битганми — бунисидан кириб, унисидан чиқиб кетадими? Эрталаб бориб нимани разбор қиляпсизлар, бунча ғалланинг расвоси чиқиб ётган бўлса, шудгор қилинмаган бўлса?

Сизларга айтдим — кўкат, карам-марамни йиғиштирасанлар, деб. Бунча ер талон-тарож бўлиб кетган. Прокурор қаерга қараган? Қўшилиб сотяпсизми, Илҳом, ҳамма нарсани? Нимага бунча ер йўқолиб кетди?

Мени ҳозир ишим кўплигидан сал вақтим бўлмаяпти. Бу ҳафта Деновга келаман. Фермерлар, ҳамма билиб олсин: эртадан 100 фоиз ҳамма фермер далага чиқсин, 100 фоиз! Ишчиларни олиб чиқиб, ариқни қазамиз, даланинг атрофларини тозалаймиз, ёқамиз. Шудгор бўлмаган жойни [шудгор қиламиз]. Уч кундан кейин, муболағасиз айтяпман, кимдадир шудгор қилинмаган бир сантиметр жойини топсам, хафа бўлманг — ердан шу заҳоти айриласиз.

Иккала кластер ҳам оёғини қўлга олсин. Пулларнинг расчётини қилсин фермерлар билан. Кластерларга душанба кечгача муддат: тийин-тийингача жойига қўйиб, кимдан қанча қарзи бўлса, пулини берсин. Энди сизларга тайёр текин хизматкор йўқ — пулини берсанг ишлайди, пулини бермасанг ҳеч ким ишламайди сизлар билан.

Ҳамма ўғит берган фермерлар сувини тарасин. Ҳозир мен Тўпалангга ҳам буйруқ бердим — сувни ҳам очади. Қаергача бўлса очиб, жой жойига қўясиз.

Баҳодир ака Қодиров қани? Келганмисиз? Қолганлар ўтирсин. Баҳодир акага, Усмон ака, кластерга, анави валламатга, айтасиз: агар у кластер бўлиб қоладиган бўлса, машина қилсин, олдига яхши болалардан қўясиз. Эртадан «Охунбобоев»дан бошлайсиз, график қиласиз, кунига иккита-иккита ҳудудни батафсил ўрганиб, ҳар куни менга доклад қиласиз.

«Собир Раҳимов», кейингиси «Ўзбекистон» билан «Мустақиллик» — шу ерларда тўлиқ карам турибди. Иккаласининг раиси қани? «Мустақиллик» борми? Искандар ака, нимага ундай бўлиб ётибди? Сизда қанча карам турибди? Тез олдиринг, тушундингизми? «Шароф Рашидов» расво деб эшитяпман. «Охунбобоев» тугаб, тамом бўлган дейишяпти. Ҳозир унга «Ғалаба» ҳам қўшилиб, касаллик шу ёққа ўтиб кетган, дейишяпти.

Баҳодир ака ҳар куни кўриб, менга доклад қилади. Ўрганади, хулоса қилиб бераверди. Мен бир-иккитасининг қилмаганига қаттиқ-қаттиқ чора [кўраман]. Тушунарлими? Техникалар бугун кирсин. Авж билан ремонт қилинсин. Ремонтнинг қандай бўлаётгани, қандай кетаётганини сешанба кун келиб кўраман.

Ҳозир, мана бу кластер деган каттаконни, қайси гўрда бўлса ҳам — ким ўзи у, билмайман — уни олиб бориб, анавинга, Термизга қўйиб қўйинглар. Ким ҳурматини билмаса бор-ку, биз ундай ҳурматсизлар билан ишлашга мажбур эмасмиз, гапнинг очиғи. Буларнинг ҳам у билан ишлаймиз, деб кўзи учиб тургани йўқ. Келганидан бери пахта ҳам кетадиган жойига кетган, ғалла ҳам. Иккала кластер ҳам бу ерга нолойиқ. Гапнинг очиғи шу.

Келишдикми фермер-бувалар, оқсоқоллар? Ҳамманинг қўлидан келади, буёғига бирга-бирга келган жойидан давом эттириб кетаверамиз.

Фермерлар: «Бизга нисбатан фашистнинг ишини қилишяпти»

«Газета.uz»га мурожаат қилган бир гуруҳ деновлик фермерларнинг сўзларига кўра (улар қўрққанидан исмини ошкор этишни истамади), сабзи, карам ва пиёз маҳсулотлари экилган далалар, улардан ҳали маҳсулотлар тўлиқ териб олинмаган бўлса-да, вилоят раҳбари Улуғбек Қосимов топшириғи билан ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳайдалиб, шудгор қилиб ташланмоқда.

Фермерлардан бирининг айтишича, туманнинг «Ўзбекистон», «Мустақиллик», «Бобур», «Шоҳрух Худойназаров», «Холчаён», «Амир Темур», «Охунбобоев», «Шароф Рашидов», «Ғалаба», «Ҳазорбоғ-1», «Ҳазорбоғ-2», «Ш.Қобилов», «Ислом Тўраев», «Собир Раҳимов», «С.Отабоев» каби ҳудудларидаги ўнлаб, юзлаб гектарларга экилган карам, сабзи, пиёз маҳсулотлари далаларда йўқ қилинмоқда.

Фермерларнинг сўзларига кўра, аномал совуқдан сўнг экилган карамларнинг тахминан 20 фоизини совуқ урган, лекин 70 фоиздан ортиғини бозорга чиқариш мумкин. Айни вақтда, фермерларнинг таъкидлашича, сабзини совуқ урмаган. Бу маҳсулотларни етиштириш учун ҳар бир гектар ерга 35−45 млн сўмдан пул сарфланган. Фермерларга ҳосилни йиғиб олиш учун уч кун вақт берилган, аммо бу муддат жуда қисқа.

«Ҳар йили февралгача бемалол йиғиб олар эдик, мартгача ҳамма ерлар шудгор қилинар, апрелда эса пахта экиларди. Вилоятнинг янги ҳокими тезлик билан ерларни шудгор қилишни буюрган. Бу фермерга нисбатдан ҳам, халққа нисбатан ҳам адолатсизлик. Раҳбарлар бизга нисбатан фашистнинг ишини қиляпти», — деган фермернинг қўшимча қилишича президент бу ишлардан бохабар бўлганида эди, 250 га яқин фермернинг ҳосили хавф остида қолмаган бўларди.

Фермерлардан бирининг қўшимча қилишича, уларнинг бари бу ишларга очиқча норозилик билдиришга қўрқмоқда, чунки «ерни ҳайдашга қаршилик қилинса, [ҳоким] ерни тортиб олиш мумкин».

Вилоят ҳокими учун видеоҳисоботлар

Деновдаги карам, сабзи ва пиёз экилган ерларни ҳайдаш учун масъул қилиб тайинланган ички ишлар органи ходими Баҳодир Қодиров, вилоят раҳбари Улуғбек Қосимов унга 7 январдаги йиғилишда тайинлаганидек, ҳар куни ҳокимга видео-«доклад» бермоқда («Газета.uz» ихтиёрида Қодировнинг 21 ва 22 январдаги ҳисоботлари мавжуд).

«Мана, 21 январь куни эрталаб соат 7:30 чамаси „Шоҳрух Худойназаров“ ҳудудида жойлашган „Денов Асилбек Файз“ фермер хўжалигининг даласига келдим. 1 гектар сабзи экилган, 40 сотих карам экилган. Фермер хўжалик раҳбари билан, мана, сабзининг жойларини ҳайдатяпмиз. Кеча топшириқ берилган эди… Нима техника [керак] бўлса, техника муаммоси бўлмайди. Солярка, техникалар билан ёрдам қилиб берамиз. Фақат, ака, икки-уч кун ичида ҳамма жой шудгор бўлиши шарт. Тушундингизми?», — дейилади 21 январдаги видеоҳисоботда.

Баҳодир Қодиров 22 январдаги ҳисоботида «кечаги берилган топшириқлар» ижросини ўрганаётганини, карам экилган 1,5 гектар далага ҳайдов тракторини туширтирганини, «Шерзод» ва «Вали» фермре хўжаликлари ўртасидаги далада ариқ қазиш ишлари бошлангани, эрталаб соат 7:00 дан ҳудуд раҳбарлари йиғилиб, уларнинг барига топшириқ берилгани, «вилоят прокурори ўринбосари Ўктам ака» ҳам келиб, ҳамма нарсани тушунтирганини маълум қилган.

«Карам экилган ер — пахтаники, фермерлар эса норози эмас»

Баҳодир Қодиров «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда қилиниаётган ишлар ҳисоботини ҳар куни видео тарзида вилоят ҳокимига етказаётганини тасдиқлади. Унинг таъкидлашича, «ҳамма ерлар пахтанинг жойи, шунинг учун ҳамма ер шудгор қилиниши шарт».

«Ерга эга бўлмаган, қаров бўлмаган, назорат бўлмаган. Ҳозир фермерлар маҳсулотларини йиғиб олган тақдирда ҳам қаерда сақлайди? Уларни катта музлатгичларга ҳам жойлаштириб бўлмайди — карамлар барибир шилта бўлиб қолади», — деди Баҳодир Қодиров.

Унинг қўшимча қилишича, бу ишлардан «фермерлар норози бўлаётгани йўқ», жараёнда фақат битта муаммо бор, холос: «Қорлар эриб, ер лой бўлиб қоляпти. Техниканинг далага кириши қийин бўляпти».