iOS ва Android учун Telegram иловаларида фото ва видеолар вақтинча жойланадиган Stories (ҳикоялар) бўлими пайдо бўлди. «Тинкофф журнал» ушбу функциядан қандай фойдаланиш бўйича қўлланма эълон қилди.

Stories бўлими барча чатларнинг тепасида жойлашган. Янги функция мессенжерни ижтимоий тармоққа янада яқинлаштиради. Stories деярли Instagram Stories билан бир хилда ишлайди, лекин бир нечта фарқларга эга.

Telegram Stories`дан қандай фойдаланилади?

Stories фақат иловани iOS`да 9.6.4 ёки Android`да 9.7.0 версиясига янгилаганингизда пайдо бўлади. Компьютерлар учун Telegram`да Stories macOS учун 9.7 ва Windows учун 4.8.5 версияларида пайдо бўлди. Бу хусусият ҳали веб⁠-⁠версиясида мавжуд эмас.

iOS иловасида Stories қўйиш белгиси юқори ўнг томонда пайдо бўлди — у айлана ичидаги плюс белгисига ўхшайди ва «Хабар ёзиш» тугмаси ёнида жойлашган. Stories тасмаси ҳам ўша ерда жойлашган: уни пастга суриб очиш мумкин.

Android`да Stories жойлаш учун чап тарафдаги панелда «Менинг ҳикояларим» (My stories) ни танлаш ёки юқоридаги Stories тасмасини пастга суриб очиб, чап тарафдаги профиль сурати ва плюс белгиси тасвиридаги жойни босиш кифоя.

Компьютерлар учун Telegram`да ҳозирча ҳикояларни жойлаштиришнинг имкони йўқ, уларни фақат кўришингиз мумкин.

Бошқа фойдаланувчиларнинг Stories`лари орқали улар билан мулоқот қилиш мумкин. Stories`ларни юклаб олиш, яшириш ёки улардан шикоят қилиш мумкин. Шунингдек, хабар ёки эможи билан жавоб бериш мумкин. Бунда хабар Stories эгасининг шахсий чатига келади.

Stories`нинг қандай фойдали функциялари мавжуд?

Телефоннинг орқа ва олд камераларида бир вақтнинг ўзида суратга олиш. Бу форматни 2022 йилда BeReal иловаси машҳур қилган.Бунда сиз бошқаларга бир вақтнинг ўзида ўзингизни ҳам, атроф-муҳитни ҳам кўрсатишингиз мумкин. Ушбу функция ҳозирча фақат iOS да мавжуд.

Постни туриш вақтини белгилаш мумкин. Stories туриш вақти нафақат 24 соатни, балки 6, 12 ёки 48 соатни ташкил этади.

Stories`ни профилга сақлаш. Stories`да жойланган постни архивга қўшиш мумкин. Бунда пост 24 соатдан кейин ҳам профилда қолади.

Булардан ташқари stories`ни скриншот қилиб олишларини олдини олиш, ёзув, стикер ёки эможи қўшиш мумкин.

Кимлар Stories жойлай олади?

Синов босқичида фақат Telegram Premium обуначилари stories`лар жойлаши мумкин. Бу махсус эможи каби қўшимча функцияларни очадиган пулли вариант. Premium обунаси бўлмаган оддий фойдаланувчилар янги бўлимда ҳеч нарса жойлаштира олмайди, лекин улар бошқа одамларнинг ҳикояларини кўришлари ва уларга жавоб беришлари мумкин.

Telegram жамоаси функцияни тахминан бир ой давомида синаб кўришни режалаштирмоқда. Август ойида барча фойдаланувчилар чекловларсиз stories жойлаши мумкин.

Биринчи босқичда stories фақат Telegram`даги шахсий аккаунтлар орқали яратилиши мумкин. Каналлар, ботлар ва гуруҳ суҳбатларида бу функцияси ҳали мавжуд эмас.

Telegram`даги stories ҳақидаги билдиришномаларни қандай ўчириш мумкин

Фойдаланувчилар дуч келган биринчи муаммолардан бири бу — Telegram янги story ҳақида билдиришномалар юбориши. Уларни қандай ўчириш мумкин: Созламалар (Настройки) → Билдиришнома ва овозлар (Уведомления и звуки) → Ҳикоялар (Истории) тугмачасини ўчириш.

Шунингдек, у ерда муайян фойдаланувчилар учун истисноларни созлаш мумкин. Муқобил усул: муайян фойдаланувчи профилига ўтиб → «Овоз» → «Созламалар» → «Ҳикоя билдиришномалари» → ёқиш ёки ўчириш.

Stories`ни томоша қиладиган бегоналарни қандай «йўқотиш» мумкин?

Telegram фойдаланувчилари биринчи куниёқ уларнинг story`ларини нотаниш одамлар ва аккаунтлар томоша қилаётганини пайқашди. Гап шундаки, мессенжер телефондаги контактлардан, шунингдек, илованинг ўзида контактларга қўшганлардан фойдаланади. Кўпинча одамлар бунга аҳамият бермайди. Масалан, одамлар иш жойида рақамлар алмашганида ёки Telegram`да етказиб бериш хизмати ходими билан боғлаганда уларни контактга қўшиб қўйишлари мумкин.

Ҳозирча бу билан курашишнинг бир неча йўли мавжуд. Ҳикояларингизни ким кўришини бошқаришингиз мумкин. Бунда «Бу постни ким кўриши мумкин» → «Менинг контактларим», «Яқин дўстлар» ёки «Танланган контактлар» → истисноларни ўрнатиш.

Бундан ташқари, аллақачон эълон қилинган ҳикояларда ҳам аудиторияни ўзгартириш мумкин. Яна бир усул — контактларни қўлда тозалаш ёки Telegram`нинг ўзида кераксиз контактларни ўчириб ташлаш.