Президент Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Тошкентни айлана туриб, Ботир Зокиров (Абай) ва Навоий кўчалари кесишмасида йўл ўтказгич қуриш зарурлигини таъкидлади. «Газета.uz» бу баҳсли қарор экани ҳақида мақола эълон қилди ва уни жамоатчилик билан муҳокама қилишга чақирди. Бир қатор фаоллар шаҳарнинг тарихан шаклланиб бўлган марказий қисмида йўл ўтказгич қуриш ўринсиз эканлигини таъкидлади.

«Кўприк ўлдиради»

«Навоий кўчаси — тамом. Энди бу шаҳар кўчаси эмас, балки халқаро шоссе бўлади. Тирбандликларга тўла халқаро шоссе», — деб муносабат билдирган «Наблюдения под чинарой» канали муаллифи Ферузхон Ёқубхўжаев. «Агар Навоий кўчаси бўйлаб йўл ўтказгич қуриладиган бўлса, Тошкентни ёпиб, янгисини қураверса ҳам бўлади», — деб фикр билдирган «Ташкент вокруг» канали муаллифи, журналист Борис Жуковский.

Davletovuz Телеграм-канали муаллифи Қобил Хидиров бўлажак қурилиш лойиҳасига муносабат билдираркан, Мисрнинг Искандария шаҳрида соҳил бўйидаги тирбандликни бартараф этиш мақсадида ҳукумат йўл ўтказгич ва бошқа йўл иншоотлари қургани, оқибатда ҳудуд одамлар учун янада ноқулай кўриниш олиб, тирбандлик муаммоси ҳам ҳал бўлмагани билан боғлиқ машҳур ҳолатни эслатди.

«Шаҳарни машиналар эҳтиёжи ва манфаати учун ўзгартиришга уриниш алал-оқибат шаҳарни ноқулай қилади, одамлар ҳаётини оғирлаштиради, экология ёмонлашади. Кўприк ва йўл ўтказгичлар ўзи жойлашган ҳудудни «ўлик зона»га айлантиради. Шаҳарнинг меъморий қиёфаси бузилади», — деб ёзган Хидиров Навоий кўчасидаги йўл ўтказгич лойиҳасини ҳам қайта кўриб чиқишга чақирган.

«Кўприк. Шаҳар марказида. Тарихий бинолари бор гавжум нуқтада. Бу фақат шаҳар муҳити эмас, балки шаҳар иқтисодиёти билан ҳам боғлиқ масала. Кўприклар атрофи тезда ўлик ҳудудга айланади — одамлар уни айланиб ўтади, машиналар ўтиб кетади. Иш ўринлари, бюджетга тушумлар ва қулай шаҳар ўрнига қақшаган ер қолади. ТАПОиЧ билан шундай бўлганди, энди Қўйлиқ билан ҳам шундай бўляпти», — дея қайд этган «Пик Скартариса» канали муаллифи, таҳлилчи Темурмалик Элмуродов.

Унинг таъкидлашича, бу нуқтада кўприк қуриш эмас, жамоат маконини яратиш керак: «Йўлни торайтириш (4 полоса қолдириб — иккита у томонга, иккита бу томонга), кенг тротуарлар ётқизиш, дарахтзор ва майсазор ташкил этиш, скамейкалар қўйиш ва фавворалар ўрнатиш керак». Шундай қилинса, Элмуродовнинг фикрича, ҳамма ютади: «Бизнес мижозларга, одамлар эса дам олиш жойига эга бўлади. Бюджетга тушумлар дарёдек оқа бошлайди… Йўл ўтказгич эса буларнинг барини ўлдиради. Тирбандликлар ҳам камаймайди».

«Тошкентга… 2000-йилларнинг меъёрлари билан яшайдиган эмас, балки 2023 йилда замонавий шаҳар нима эканини тушунадиган илғор, Тошкентнинг аҳолига қулай шаҳар бўлиши учун қайғурадиган, шаҳар муҳити деган тушунчани тушунадиган ҳокимият бўлса. Тошкентга шаҳар ва шаҳарликлар манфаатларини ҳимоя қиладиган, шаҳарни севадиган, экспертларга қулоқ солишга ва ўз қарорлари билан шаҳарда ёмон эмас, балки янада яхшироқ қилишга қобил ҳоким зарур», — деб ёзган «Пятницкий маркетинг» канали муаллифи, маркетинг мутахассиси Алишер Жуманиёзов Тошкентга урбанистлар кераклигини қўшимча қилган.

Урбанист Искандар Солиев эса «Тошкент ўтган асрдаги Детройтга айлантирилаётгани»дан норозилигини билдирган. «Урбанист ва экспертларнинг фикрлари ҳеч кимга қизиқ эмас… Вазирликларда консерватив, қадимчи, автомобилпараст мутахассислар ҳали ҳам етарлича кўп», — деб ёзган у.

Расмийлар ҳозирча «зарур» деб таъкидланган йўл ўтказгичнинг қандай бўлиши ва қайси кўчадан ўтиши ҳақида маълумот бермади. Урбанист Ҳусан Муқимов «йўл ўтказгич Алишер Навоий кўчаси устидан ўтади» деган норасмий маълумотга таяниб, бирламчи таҳлил ўтказган. Унинг хулосаларига кўра, йўл иншооти қурилиши давомида бир қатор биноларни бузишга, дарахтларни кесишга тўғри келади, айрим нуқталарда тротуарлар йўқ бўлиб кетиши ҳам мумкин.

Урбанист Ҳусан Муқимовнинг City Planner каналидан олиндиУрбанист Ҳусан Муқимовнинг City Planner каналидан олинди

«Шаҳар ичида қурилган йўл ўтказгичларнинг атрофи ўз жозибадорлигини йўқотади ва ўлик ҳудудга айланади. Бу шу атрофда жойлашган уй ва офисларнинг нуфузига ҳам салбий таъсир қилади… Ушбу йўл ўтказгич қурилиши мураккаб ва қиммат тадбир. Кўприк ва катта йўллар қуриш тирбандликнинг олдини олмаслиги ҳақида аввал ҳам ёзилган. Энг муҳими, бу — Тошкентнинг тарихий, гавжум қисми ўзига хослигини йўқотишига сабаб бўлади», деб ёзган Муқимов.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, шаҳар ичида йўл ўтказгич қурилиши ушбу иншоот буюртмасини ўзлаштираётганлардан бошқа барчанинг ҳаётини қийинлаштиради ва қимматлаштиради. У аввалроқ шаҳарда 12 та йўл ўтказгич қурилиши ҳақида берилган баёнотларни эсларкан, Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари кесишмасида режалаштирилаётган йўл ўтказгич қуриладиган бўлса, «шаҳарликлар ҳаётини қийинлаштирадиган ва қимматлаштирадиган бу жараённи тўхтатиб бўлмайди», деб ҳисоблашини билдирган. «„Газета.uz“ лойиҳани очиқ муҳокама қилишга чақирмоқда. Мен эса тўхтатишга чақираман», — деб қўшимча қилган Отабек Бакиров.

«Навоий кўчасида тирбандлик йўқ-ку?»

Навоий кўчаси 2022 йили тўлиқ реконструкция қилинган эди. Реконструкциянинг дастлабки режаси бўйича у тўлақонли шоссега айланиб қолиши керак эди, аммо «Газета.uz»нинг ушбу масалада президентга қилган очиқ мурожаатидан сўнг лойиҳа, хорижий мутахассисларни жалб этилгани ҳолда, қайта кўриб чиқилган эди.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz»

Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари кесишмасида тирбандликлар муаммоси сабаб йўл ўтказгич қуриш зарурати айтилгач, кўплаб муштарийлар комментларда Навоий кўчасида тирбандликлар билан боғлиқ вазият ҳозирда яхши эканини қайд этиб ўтган.

Жумладан, Асрор Икрамов исмли фойдаланувчи Навоий кўчасида жуда катта ўзгариш борлигини таъкидларкан, «олдинлари Берунийдан Детский миргача тахминан 40 дақиқа вақт кетарди, ҳозир узоғи билан 15 минутда етиб оласиз», деб ёзган. Daston Dao ҳам «ҳозир Навоий кўчасида юриш жуда мазза бўлиб қолгани»ни, «тирбандликлар деярли йўқ экани»ни таъкидлаган.

Комментларда бир қатор муштарийлар муҳокамадан наф йўқлиги, агар қарор қабул қилиб бўлинган бўлса, кўприк барибир қурилишини таъкидлаган бўлса-да, аксарият муштарийлар ушбу масала бўйича ваколатли, қобилиятли мутахассислар муносабат билдириши лозимлигини ёзган.

Президент матбуот котибининг муносабати

Президент матбуот хизмати «Газета.uz»нинг Тошкентдаги Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари чорраҳасида йўл ўтказгич қурилиши баҳсли қарор экани, лойиҳа қайта кўриб чиқилиши кераклиги ҳақидаги мақоласига муносабат билдирди.

«Шаҳарда ўткир тирбандлик муаммоси турибди. Ва ҳар йили вазият ёмонлашмоқда. Агарда шундай лойиҳа бўлса, уни ишлаб чиқишга энг яхши мутахассислар жалб қилинади ва, албатта, жамоатчилик фикри ҳам инобатга олинади. Ҳозир эса қандайдир хулоса ёки тахминлар чиқаришга ҳали эрта», — деди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.