Ўзбекистон президенти матбуот хизмати «Газета.uz»нинг Тошкентдаги Ботир Зокиров ва Навоий кўчалари чорраҳасида йўл ўтказгич қурилиши баҳсли қарор экани, лойиҳа қайта кўриб чиқилиши кераклиги ҳақидаги мақоласига муносабат билдирди.

«Шаҳарда ўткир тирбандлик муаммоси турибди. Ва ҳар йили вазият ёмонлашмоқда. Агарда шундай лойиҳа бўлса, уни ишлаб чиқишга энг яхши мутахассислар жалб қилинади ва, албатта, жамоатчилик фикри ҳам инобатга олинади. Ҳозир эса қандайдир хулоса ёки тахминлар чиқаришга ҳали эрта», — деди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Бир кун муқаддам давлат раҳбари матбуот хизмати президент Шавкат Мирзиёев пойтахтни айлана туриб, ушбу кўчалар чорраҳасида йўл ўтказгич қуриш зарурлигини таъкидлагани ҳақида хабар берган эди.

Лойиҳа «Газета.uz»дан ташқари, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий мавзуларда ёзувчи шаҳарликлар ва бир қатор интернет фаоллари томонидан ҳам танқид қилинди:

Тошкентни ўтган аср Детройитига айлантиришмоқда

Қурилиш барчанинг ҳаётини қийинлаштиради ва қимматлаштиради

[Йўл ўтказгичлар қурилиши] Тошкентни нормал яшаш учун яроқсиз шаҳарга айлантириб қўяди

Бу нафақат шаҳар муҳити, балки шаҳар иқтисодиёти масаласи ҳамдир