Июнь ойида Ўзбекистон қиймат кўрсаткичи бўйича Хитойга табиий газ экспортини оширди, деб хабар бермоқда Хитой Халқ Республикаси Бош божхона бошқармаси.

Бошқарма маълумотларига кўра, апрель ойида Ўзбекистон мамлакатга газ экспортини тиклаган ва 40,47 миллион долларлик газ етказиб берган. Май ойида етказиб бериш ҳажми 78,16 миллион долларга, июнь ойида эса яна 9,1 фоизга ошиб, 85,27 миллион долларга етган.

Умуман олганда, биринчи ярим йилликда экспорт 203,9 миллион долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан (406,3 миллион доллар) икки баравар кам. Буни январь-март ойларида Ўзбекистондаги энергетика инқирози фонида газ экспорти тўхтатилгани билан изоҳлаш мумкин.

Агар сўнгги уч ойлик (апрель, май ва июнь) рақамларни солиштирсак, бунда ҳам ўтган йили экспорт ҳажми жорий йилга нисбатан 1,6 баробар кўп бўлганини кўриш мумкин.

Президент ҳузуридаги Статистика агентлигининг хабар беришича, июнь ойида газ экспортининг умумий ҳажми 76,9 миллион долларни ташкил этди, бу май ойига нисбатан 8 фоизга кам (йил бошидан буён — 278,4 миллион доллар). Доимгидек, газ етказиб бериладиган мамлакатларнинг географияси, шунингдек, етказиб беришнинг физик ҳажми бўйича маълумот берилмаган.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги газ экспорти бўйича маълумотлар бир неча баравар фарқ қилаётгани ҳақида ёзганди. Энергетика вазири Журабек Мирзамахмудов бу ҳолатга изоҳ бериб, Хитой Туркманистон газининг транзитини ҳам ҳисобга олаётганини айтганди. Бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, ҳатто буни инобатга олганда ҳам, статистикада катта фарқ кузатилади.

2022 йил якуни бўйича Ўзбекистон томони 910,9 миллион долларлик газ экспорт қилганини эълон қилди. Хитой томони эса 1,07 млрд долларлик ўзбек гази импорт қилганини эълон қилди, бу Ўзбекистон маълумотларидан 159,5 миллион доллар ёки 18,2 фоизга кўп.

Аввал хабар берганимиздек, йилнинг биринчи олти ойида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга ёки 2,51 миллиард куб метрга камайган.

Май ойи ўрталарида президент Ўзбекистонда газ ҳаракатининг ягона автоматлаштирилган тизимини жорий этиш тўғрисидаги қарорни имзолаганди. 1 июлга қадар барча газ қабул қилиш ва етказиб бериш пунктларида электрон ҳисоблагичларни ўрнатишни якунлаш ва уларни солиқ органларининг маълумотлар базаси билан интеграциялаш бўйича топшириқ берилганди. Бундан ташқари, газ ва нефть бўйича шартномалар тўғрисидаги маълумотларни йиғиш тизимини яратиш режалаштирилган. Ҳисоблагичларни ўрнатиш талаблари барча нефть ва газ конларининг ярмидан кўпига эгалик қиладиган хорижий компанияларга тааллуқли эмас.