Солиқ кодексига Ўзбекистонда профессионал футбол клубларини ижтимоий солиқдан бошқа барча солиқларни тўлашдан озод этишни назарда тутувчи қўшимча киритилди. Кодекснинг 483-моддасига қўшимча киритиш бўйича қонун 18 июль куни президент томонидан имзоланди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 январгача Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, «Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси» жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клублари қуйидаги солиқларни тўлашдан озод этилади:

  • барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно);
  • ўзи жалб қилган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини;
  • Ўзбекистонга олиб кириладиган, Ўзбекистонда ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари, трансляция қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, инвентарь ва техника, фармакология товарлари, спорт озиқ-овқатлари, футбол (футзал) майдонлари учун сунъий ўтлар, шокпад, гранулалар, махсус елимлар ва махсус профессионал спорт кийим-бошлари, транспорт воситалари, шу жумладан, махсус транспорт воситалари учун қўшилган қиймат солиғини.

Аввалроқ Сенатнинг 41-ялпи мажлисида профессионал футбол клубларини ижтимоий солиқдан бошқа барча солиқлардан озод этишни назарда тутувчи қонун маъқуллангани хабар қилинганди.