Сенатнинг 41-ялпи мажлисида профессионал футбол клубларини ижтимоий солиқдан бошқа барча солиқлардан озод этишни назарда тутувчи қонун маъқулланди.

Қонун билан кодекснинг 483-моддасига 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, «Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси» жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клубларини барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод этишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, жалб қилинган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ҳам имтиёз берилиши мумкин.

Бундан ташқари, ҳужжат лойиҳасида Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган, мамлакатда ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари ҳамда соҳани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор товарлар учун қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этиш назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ профессионал клублардан «Пахтакор», ундан кейин эса яна 8 та Суперлига ва 4 та Про лига жамоаларининг акциялари ҳокимликлар ва давлат компаниялари маъмуриятига топширилганди. Бундан ташқари, «Пахтакор» клуби 2020 йилда энг кўп зарар кўрган давлат иштирокидаги корхоналар ўнталигида жой олганди. Жамоа 2020 йилда 82,7 млрд сўм зарар кўрган.