Россияда паспортини олдириб қўйиб, бир неча ой иш ҳақисиз ишлаган ўзбекистонлик 12 киши ватанга қайтарилди. Бу ҳақда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, Чувашия Республикасининг Чебоксари шаҳрида ишлаётган бир гуруҳ ўзбеклар иш берувчиси ойлик маоши ва паспортларини бермаётгани, яшаб турган хостелидан чиқариб юборгани юзасидан агентликка мурожаат йўллаган.

Келтирилишича, улар ижтимоий тармоқлардаги ёлғон маълумотларга ишонган. Чебоксарига нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига автобусларда ишлаш учун борган.

Иш берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш учун фуқароларнинг паспортларини олган ва бир неча ой давомида иш ҳақисиз ишлатган. Ҳужжатларини қайтариб бермай, номаълум жойга қочиб кетган, дейилади хабарда.

Шундан сўнг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонаси, Ўзбекистонинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси ва ўзбек диаспораси вакиллари фуқароларни хостелга жойлаштирган ва иссиқ овқат билан таъминлаган.

Фуқароларнинг бир гуруҳига Бош консулхона ватанга қайтиш сертификатини расмийлаштириб берди. Агентликнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, фуқароларга паспортларини қайтариш имкони бўлмаган, сабаби ҳужжатлар йўқолган. Шу сабабли улар Ўзбекистонда янги паспорт олади.