9 июль куни Ўзбекистонда навбатдан ташқари президентлик сайлови бўлиб ўтди, унда 87,05 фоиз овоз билан амалдаги давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди. «Газета.uz» овоз бериш куни Тошкентдаги бир нечта сайлов участкаларида бўлиб, ярим тундан кейин пойтахтдаги сайлов округида овозларни санаб чиқиш жараёнини кузатди.

муддатидан илгари сайлов, сайлов-2023, тошкент, тошкент сайлов округи

ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) сайловни кузатиш миссияси раҳбари Урсула Гачек ташриф буюрган 17-мактабдаги 580-сонли сайлов участкасида одатий қоидабузарликлар ва камчиликлар кузатилган (бу ҳақда бошқа ОАВлар ёзган ва ДИИҲБнинг дастлабки ҳисоботида маълум қилинган). Масалан, сайлов участкаси аъзолари паспорти йўқлиги ёки телефонидаги ҳужжат суратидан фойдаланган ҳолда айрим сайловчиларни рўйхатга олди, деб ёзади «Газета.uz» мухбири Шуҳрат Латипов.

Сайловни ўтказиш бўйича ахборот тизими бир соатдан ортиқ вақт давомида ишламади, шу сабабли сайловчилар маълумотлари кейинчалик маълумотлар базасига киритилиши учун варақага ёзиб олинди.

муддатидан илгари сайлов, сайлов-2023, тошкент, тошкент сайлов округи

Соат 11:15 дан кейин сайловчилар оқими камайди, сўнгра ярим соатча сайловчилар келмади. Соат 12:00 ҳолатига кўра, сайлов участкасида рўйхатга олинган 659 нафар сайловчидан 251 нафари (38 фоиз) овоз берди.

Бошқа сайлов участкаларида, жумладан, оила аъзолари учун овоз бериш каби алоҳида қонунбузарликлар кузатилди. Шу билан бирга, барча сайлов участкаларида кузатувчилар таркиби тўлиқ шаклланмаган. Апрель референдумида бўлгани каби, улар асосан пассив бўлиб, ўринларидан зўрға туришди ва овоз бериш жараёнига унчалик эътибор беришмади.

9 июль куни соат 15:00да 620-сайлов участкасида ЎзЛиДеПдан фақат битта кузатувчи бўлди.9 июль куни соат 15:00да 620-сайлов участкасида ЎзЛиДеПдан фақат битта кузатувчи бўлди.

Сайлов округи

Соат 20:00 дан бошлаб журналист Шуҳрат Латипов Темирйўлчилар маданият саройида жойлашган Тошкент шаҳар сайлов округида овозларни санаб чиқиш жараёнини кузатди. У ерда пойтахтнинг 822 та участкасидан маълумотлар йиғилди. Нью-Йоркдаги сўнгги сайлов участкаси ёпилган 10 июль куни эрталаб соат 7:00 га қадар 56 та хорижий сайлов участкаси (жами 878 та) маълумотлари Тошкент статистикасига киритилди.

Округ раиси ўринбосари Фурқат Махмудхўжаевнинг айтишича, қонунчиликка кўра, соат 20:00 да овоз бериш ёпилганидан кейин сайлов участкалари раҳбарлари ва аъзолари томонидан сайлов қутилари очилиб, кузатувчилар иштирокида санаб чиқилади. Сўнгра маълумотлар участканинг бошқа аъзолари билан келишилиб, баённомага киритилади. Кейин шаҳар туманлари раҳбарлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамроҳлигида туманга баённомалар тақдим этиш учун юборилади.

Тошкент сайлов округи аъзолари.Тошкент сайлов округи аъзолари.

Пойтахт туманлари кесимида маълумотлар табуляциясини (маълумотлар жадвали) тузиш учун икки нафар ходим ажратилди. Участкалардан баённомалар тўғри тўлдирилгани, ҳисоб-китоблар, муҳр ва имзолар мавжудлиги текширилди. Сўнгра маълумотларни Excel электрон жадвалидан иборат дастурга киритишди ва у орқали овозлар фоизи ҳисоблаб чиқилди. Округ вакиллари уларнинг ортида туриб олиб, жадвални тасвирга олишга рухсат беришмади.

Илк сайлов участкалари раҳбарлари овоз бериш якунланганидан 20−25 дақиқа ўтиб кела бошлашди. Улар ёпиқ — касалхоналар, ҳарбий қисмлар ва фақат у ерда бўлганлар овоз берадиган бошқа жойларда ташкил этилган сайлов участкалари раҳбарлари. Одатда бундай участкаларда овоз бериш тушлик вақтидаёқ тугайди, шунинг учун соат 20:00 бўлиши билан дарҳол тўлдирилган баённомалар билан округга юборилади.

Миробод туманидан учинчи бўлиб келган участка раҳбари баённомасида муҳр йўқлиги аниқланди, шу боис маълумотлар рўйхатга олинмади. У тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш учун қайтариб юборилди.

Соат 20:45 да бошқа участкалар вакиллари кела бошлади. Улардан баъзиларида протоколнинг учта нусхаси бор эди. Сайлов участкаларидан бирининг раҳбари тушунтирганидек, битта баённома округга тақдим этилади, иккинчиси сайлов бюллетенларига қўшилади ва МСКга юборилади, учинчиси овоз берилгандан кейин эртаси куни сайлов участкасига осиб қўйилади.

Кимдир бошқалари участкада қолди деб битта баённома билан келди. Айрим раҳбарлар барча бланкалар билан келишди, бироқ улардан иккитаси тўлдирилмаганди.

Округ ходимлари маълумотларни рўйхатга олишда «техник хатолар» ва баённомаларга «мувозанатга риоя қилиш» билан номувофиқлар, яъни маълумотларни умумлаштиришдаги жузъий камчиликларни қайд этишди. Масалан, баённомалардан бирида бузилган иккита бланка ҳисобга олинмаган, бунинг натижасида бюллетенларнинг умумий сони овозлар, муддатидан олдин берилган, бузилган ва фойдаланилмаган бюллетенлар йиғиндисидан иккитага кўп бўлиб қолган.

Яна бир шундай воқеадан кейин округ ходимларидан бири «Газета.uz» мухбирига мурожаат қилди:

— Мактабга борганмисиз? Математикани ўқиганмисиз?

— Ҳа.

— Икки карра икки нечи?

— Тўрт.

— Яна иккини қўшинг.

— Олти.

— Мана бу участка раҳбари эса тўрт деб ёзган.

муддатидан илгари сайлов, сайлов-2023, тошкент, тошкент сайлов округи

Округ ходимларининг ҳаммаси ҳам баённомаларни тасвирга олишга рухсат бермади. Журналистнинг таъкидлашича, бу маълумотлар шусиз ҳам эрталаб сайлов участкаларига осиб қўйилиши керак. Ваҳоланки улар очиқликни таъминлаш учун ҳар бир шаҳар ва туманлар, шунингдек, вилоятлар кесимида ошкор этилиши керак.

Кейинроқ округ котиби Феруза Мадраҳимова баённомаларни суратга олиш мумкин, лекин ҳаммасини эмас, деди. Бироқ баъзи ходимлар баённомалар маълумотларини қайд этишга рухсат бермади.

Округга Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси миссиясининг Буюк Британия ва канадалик кузатувчилари ҳам ташриф буюришди. Округ аъзолари «оғир кундан кейин дам олишлари» учун уларни махсус тайёрланган дастурхонга таклиф қилишди. Кузатувчилар дастлаб бу ерга «ишлаш, кузатиш, юриш ва томоша қилиш» учун келганликларини айтишди. Жой кўздан кечирилганидан сўнг округ аъзолари билан гаплашиб, таклифга рози бўлишди.

Кузатувчилар овозларни рўйхатга олиш тартиби билан қизиқиб, сайлов округида маълумотларда ноаниқликлар аниқланса нима бўлишини сўрашди. Шуҳрат Файзиев баённомаларда сайлов участкаларига берилган сайлов бюллетенлари ва берилган овозлар сонига, шунингдек, бузилган ва фойдаланилмаган бюллетенларга мос келиши кераклигини тушунтирди. Маълумотларни қайта текшириш учун участка аъзолари маълумотлар округда рўйхатга олинмагунча участкада қолишади. Статистикани текшириш учун округ участкага мурожаат қилиши мумкин.

муддатидан илгари сайлов, сайлов-2023, тошкент, тошкент сайлов округи

Бундан ташқари, участкалардаги якуний маълумотлар участка аъзолари билан келишилади, «у ерда бир киши қарор қилмайди», — деди Шуҳрат Файзиев. Унинг сўзларига кўра, агар сайлов участкаси раҳбари баённомани тўлдириш учун хонага кириб кетган бўлса, бу қоидабузарлик бўлади, чунки ҳужжат сайлов участкасининг бошқа аъзолари, оммавий ахборот воситалари ва кузатувчилар иштирокида расмийлаштирилиши керак.

ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси вакилининг «Газета.uz»га 9 июль куни Мирзо Улуғбек туманидаги 61-сайлов участкасига боришгани, у ерда сайловчиларнинг муддатидан олдин берган овозлари солинган қутини кўрсата олишмагани, бироқ участка ёпилганидан кейин «муддатидан олдин берилган овозлар қаердандир пайдо бўлиб қолганини» маълум қилишди.

«Газета.uz» журналисти кўрган барча баённомалар бўйича Шавкат Мирзиёев катта фарқ билан етакчилик қилди. Аммо баъзи ҳудудларда амалдаги президент 80% дан кам овоз олди, шунингдек, 70% овозга эга баённомалар ҳам бор эди. Ҳарбий қисмлар каби ёпиқ ҳудудларда Шавкат Мирзиёев 100 фоиз овоз тўплади.

Тошкент туманлари бўйича маълумотларни ҳисоблаш соат 00:30 гача давом этди. Бундан ташқари, ходимлар хорижий сайлов участкаларидан олинган овозларни санаб чиқиш билан ҳам шуғулланиши кутилган эди.

муддатидан илгари сайлов, сайлов-2023, тошкент, тошкент сайлов округи

Эрталаб округ вакили «Газета.uz»га пойтахт статистикасини маълум қилди. Унга кўра, Тошкентда жами 1 млн 648 минг 441 нафар сайловчи, шунингдек, хорижда 323 минг 626 нафар сайловчи (жами 1 млн 972 минг 67 нафар) рўйхатга олинган. 1,439 млн сайловчи овоз берди, сайловда иштирок этганлик 72,96 фоизни ташкил этди — бу мамлакатдаги умумий сайловчилардан (79,88 фоиз) паст.

Номзоди ЎзЛиДеП томонидан кўрсатилган ва «Миллий тикланиш» партияси томонидан қўллаб-қувватланган Шавкат Мирзиёев учун пойтахтда 1 млн 222 минг 033 киши ёки 84,92 фоиз овоз берди (бу республика кўрсаткичидан 87,05 фоиз паст).

ЎзХДП номзоди ва унинг етакчиси Улуғбек Иноятов пойтахтда 4,58 фоиз — 65 116 та овоз тўплади. Яъни, сайловда охирги бўлса-да, пойтахтда иккинчи ўринни эгаллади.

Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Ҳамзаев 4,17 фоиз овоз тўплади — унга 60 032 киши овоз берди.

«Адолат» социал-демократик партиясидан номзоди кўрсатилган Робахон Махмудова 3,8 фоиз — 54 680 та овоз тўплади. Тошкентда у охирги, мамлакатда эса иккинчи ўринни эгаллади.

Бузилган бюллетенлар сони 36 362 тани (2,5%) ташкил этди, бу республика кўрсаткичидан (0,78%) анча юқори.