Марказий сайлов комиссияси 9 июль куни ўтаётган президент сайлови бўйича соат 11:00 ҳолатига кўра натижаларни эълон қилди.

Унга кўра, сайловда 6 млн 463 минг 874 киши овоз бериб улгурди. Бу умумий сайловчиларнинг 33,54 фоизига тенг.

«Ушбу рақамлар Марказий сайлов комиссияси томонидан муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови ўтган, деб ҳисоблашга асос бўла олади. Якуний хулоса овоз бериш натижаларидан келиб чиқиб берилади», — деди МСК раиси ўринбаси Баҳром Қўчқоров.

Келтирилишча, ҳозирча жойлардан овоз бериш тартибининг бузилиши ҳолатлари ҳақида маълумотлар келмаган.

сайлов-2023

МСК ҳисоботига кўра, ҳозирча энг кўп овоз берганлар сони Андижон вилоятида — 663 минг 290 нафар (39,37%). Энг паст кўрсаткич эса пойтахтда — 433 минг 85 киши (20,27%).

Навбатдаги натижалар сони соат 14:00 да эълон қилинади.

28 июндан 5 июлгача бўлган муддатдан олдин ўтказилган овоз бериш жараёнида 815,3 минг киши, жумладан, 180,7 минг нафар хорижда, 634,5 минг нафар шахс мамлакат ичида овоз берди.