Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг «Газета.uz» томонидан эълон қилинган «Аномал январда аномал статистика» сарлавҳали мақоласига расмий шарҳ билан жавоб қайтарди. Агентлик шарҳи қисқартиришларсиз эътиборингизга ҳавола этилади.

Статистика агентлиги муносабати

Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги томонидан 2023 йилнинг ярим йиллик якунлари бўйича асосий статистик кўрсактичларни шакллантириш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Иқтисодий соҳада билимга эга мутахассисларга маълумки, мамлакатнинг иқтисодий кўрсаткичлари ўтган даврлар учун динамик қаторлар узвийлиги ҳамда асосий индикаторларни ўзаро боғланган ҳолда амалга оширилган пухта таҳлиллар асосида шакллантирилади ва табиийки, шакллантирилган ҳар бир кўрсаткич бўйича Агентликнинг расмий веб-сайтида эълон қилиб бориладиган пресс-релизларда батафсил изоҳлар бериб борилмоқда.

Ҳақиқатдан ҳам, 2023 йилнинг январь ойида сўнгги уч йилликнинг дастлабки ойидаги энг паст ойлик инфляция даражаси кузатилди.

инфляция, статистика агентлиги

Юқоридаги графикда сўнгги уч йилликнинг январь ойидаги ойлик инфляция даражасига асосий гуруҳлар кесимида таъсир тузилмасини яққол кўриш мумкин.

Демак, 2021 йилнинг январь ойи билан таққослаганда, 2023 йилнинг январь ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг йиғма кўрсаткичга таъсири 0,08 фоиз бандга паст, ноозиқ-овқат маҳсулотлар таъсири 0,06 фоиз бандга юқори, хизматлар таъсири 0,16 фоиз бандга паст бўлди. Кўриниб турибдики, таққосланаётган даврларда йиғма кўрсаткич ўртасидаги фарқ асосан 2021 йилнинг январь ойида хизматлар нархларининг юқори ўсиши (1,4 фоиз, 2023 йил январда 0,7 фоиз) таъсирининг ҳисобига шаклланган.

2021 йилнинг январь ойида хизматлар гуруҳида 1,4 фоизлик инфляция даражасига қатор ҳудудларда совуқ сув ва канализация учун тўловлар қийматининг (ўртача 59,8 фоизга) оширилиши асосий таъсир (0,23 фоиз даражаси) кўрсатган.

2022 йилнинг январь ойи билан таққослаганда, 2023 йилнинг январь ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг йиғма кўрсаткичга таъсири 0,10 фоиз бандга паст, ноозиқ-овқат маҳсулотлар таъсири 0,05 фоиз бандга юқори, хизматлар таъсири 0,01 фоиз бандга юқори бўлди. Демак, таққосланаётган даврларда йиғма кўрсаткич ўртасидаги фарқ асосан 2022 йилнинг январь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўсиши (1,3 фоиз, 2023 йил январда 1,0 фоиз) таъсирининг ҳисобига шаклланган.

Шу билан бирга, юқоридаги графикда, ҳақиқатдан ҳам 2023 йилнинг январь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари умумий гуруҳи нархларининг ўртача ўсиш суръати секинлашганлигини кўриш мумкин. Бироқ, алоҳида маҳсулотлар кесимида кўрадиган бўлсак, гуруҳ бўйича йиғма кўрсаткич асосан қайси маҳсулотлар таъсирида шаклланганлигини яққол кўрсатилган.

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг 2021−2023 йилларнинг январь ойидаги ИНИ, фоизда

инфляция, статистика агентлиги

Юқоридаги графикдан кўриниб турибдики, 2023 йилнинг январь ойида донли экинлар ва ёрма маҳсулотлари, балиқ маҳсулотлари, ёғлар ва мойлар, мевалар ва ёнғоқлар ва шакар нархларида сўнгги уч йилликнинг январь ойидаги энг паст кўрсаткич қайд этилган. Бироқ, тухум ва сабзавотлар нархлари жорий йилнинг январь ойида 2021−2022 йилларнинг январь ойларидагига нисбатан юқори ўсган.

Таъкидлаш жоизки, статистика соҳасидаги ҳар бир кузатув жараённинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган алоҳида услубий ёндашувлар асосида амалга оширилади. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларининг деҳқон бозорлари ва дўконлардаги ўртача нархлари ҳамда товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси иккита алоҳида ёндашувлар асосида ҳисоб-китоб қилинади.

Маҳсулотларнинг деҳқон бозорлари ва дўконлардаги ўртача нархлари ҳар ҳафта ўтказиладиган кузатувларда савдо нуқталарида таклиф этилаётган барча турдаги маҳсулотларнинг нархларини қайд этиш орқали тўпланган маълумотлардан ўртача ойлик катталик сифатида ҳисоб-китоб қилинади.

Истеъмол нархлари индекси эса, ҳар ойнинг 10−20 саналари оралиғида савдо нуқталарида фақатгина аввалдан танлаб олинган муайян товар (хизмат) тури (бренди, маркаси ва бошқа) нархини қайд этиш орқали тўпланган маълумотлар асосида ҳамда товар (хизмат)нинг истеъмол саватидаги салмоқ вазнидан фойдаланган ҳолда ҳисоб қилинади.

Нарх кузатувларини ташкил этиш тартиби тўғрисида Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилган метамаъмалумотлар орқали маълумотга олишингиз мумкин.

Шу сабабдан, мақоладаги маҳсулотларнинг бозор ва дўконлардаги ўртача нархлари асосида ҳисобланган нарх ўзгаришларини эълон қилинган истеъмол нархлари индекси кўрсаткичлари билан таққослаш тўғри ҳисобланмайди.

Шунингдек, мақоладаги импорт товарларнинг нарх ўзгаришларини истеъмол нархлари индекси кўрсаткичи билан таққослаш ҳам илмий жиҳатдан тўғри ҳисобланмайди. Чунки, истеъмол нархлари индексида ҳар бир товар ва хизмат истеъмол саватидаги улушига эга бўлиб, бунда энг юқори салмоқ вазн озиқ-овқат маҳсулотларига тегишлидир. Импорт товарлар нархлари йиғма индекси эса ҳар бир товарнинг импорт қилинган жами товарлар ҳажмидаги улушидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилинади. Ўз навбатида, импорт товарлар таркибида якуний истеъмол учун мўлжалланган товарлар улушининг пастлиги, импорт нархлари йиғма индексига бошқа турдаги товарларнинг таъсири юқорилигини англатади.

Умуман олганда, иқтисодий соҳадаги айрим мутахассислар томонидан Статистика агентлиги томонидан Ўзбекистон истеъмол секторидаги инфляция даражаси бўйича шакллантирилган маълумотлар тўғрисида турли хил шахсий таққослашлар ва таҳлиллар асосида субъектив фикрлар билдириб келинади. Статистика агентлиги статистика соҳасида илмий асосланган ҳар қандай фикрлар ва таклифларни эшитишга доимо тайёрдир.

Статистика агентлиги томонидан шакллантириладиган истеъмол нархлари индекси ва бошқа статистик кўрсаткичлар йирик халқаро молия институтлар методологиялари ва тавсиялари асосида шакллантирилади ва эълон қилинади. Шунингдек, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси каби йирик халқаро ташкилотларнинг экспертлари билан учрашувларда, статистик ҳисоб-китобларнинг юритилиши борасида доимий муҳокамалар ўтказилмоқда, истеъмол нархлари индекси тўғрисида шакллантирилган маълумотлар халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмоқда ва уларнинг ахборот ресурсларида эълон қилиб борилмоқда. Шунингдек, эспертларнинг таклиф ва хулосалари асосида амалиёт такомиллаштириб келинмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Статистика агентлиги томонидан инфляция даражаси тўғрисидаги ахборотларни қандайдир илмий асосланмаган, шахсий қарашларга таянган ҳолда «кутилаётган, сезилаётган» дея таъкидланадиган ахборотлар асосида эмас, балки ўтказилган объектив кузатувларда тўпланган факт ҳисобланган маълумотлар ҳамда илмий асосланган методологияга таянган ҳолда амалга оширилади.

Маълумот учун, Президентнинг 2023 йил 23 мартда қабул қилинган «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-41-сон фармони билан 36 та турдаги товарларга Ўзбекистон ҳудудига олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси қўлланилиши белгиланган эди.