Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳридаги бозорда бир неча фуқаро иштирокида «самосуд» акс этган видео тарқалди. Ҳолат бўйича Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, 21 июнь куни Қўқон шаҳридаги кийим-кечак бозори ҳудудида жойлашган «Саларан» савдо дўконининг 33 ёшли аёл иш бошқарувчиси З.Ж. ушбу дўкон рўпарасида савдогарлик билан шуғулланаётган эр-хотин И.К. ва М.А.га дўкон олдида савдо қилмасликини айтган. Улар бир-бирини хақорат қилии ортидан жанжал келиб чиққан. Тартиббузарликка шу ерда бўлган ҳар икки тарафнинг қариндошлари ҳам қўшилган.

22 июнь куни «Саларан» савдо дўкони раҳбари М.И. ва унинг икки шериги — С.Ж. ва Х.П. дўкон олдида болалар кийими савдоси билан шуғулланаётган фуқаро Н.А. ҳамда унинг вояга етмаган 14 ёшли ўғли М.А. билан дўконга кирувчи харидорлар йўлини тўсиб қўйгани учун жанжаллашган. Оқибатда вояга етмаган М.А.га тан жароҳатлари етган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Қўқон шаҳри ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 277-модда (Безорилик) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Тартиббузарликка алоқадор барча фуқароларнинг шахслари аниқланган ва терговга жалб этилган. Шунингдек, вояга етмаган М.А.га нисбатан етказилган тан жароҳатлари юзасидан судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган», — дейилади ИИБ ахборотида.