2023 йилнинг апрель ойида Сурхондарё вилояти Узун туманидаги 31-мактабда аёл ўқитувчилар калтаклаб, уларга жароҳат етказган эркак педагогги нисбатан суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, ҳодиса видеоси 18 апрель куни ижтимоий тармоқларда тарқалгач, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, аёлларга нисбатан куч ишлатган шахс қўлга олингани маълум қилинган эди. Жамоатчилик ушбу ҳодисани қатъий қоралаган, хусусан, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бу воқеани кўриб, даҳшатга тушганини билдирган эди.

«Газета.uz» воқеага нима сабаб бўлганини аниқлаштириш мақсадида ҳодиса юз берган мактабнинг директори ва жабрланган педагоглардан бири билан боғланганди.

2023 йил 16 июнь куни жиноят ишлари бўйича Узун туман судида 35 яшар Г. Т. (31-мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинди.

Таъкидланишича, Г. Т. Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» банди билан айбли деб топилган. Жиноят оқибатида икки нафар жабрланувчига етказилган маънавий ва моддий зарарлар қоплангани ҳамда уларнинг судланувчига нисбатан даъвоси йўқлиги инобатга олинган ҳолда Г. Т.га 1 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

«Ушбу қарордан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Сурхондарё вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади», — дейилади Олий суд ахборотида.