Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Узун туманидаги 31-мактабда бўлгани айтилган, ўқитувчилар оммавий дўппослангани акс этган видео тарқалди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълим бошқармаси ҳолат юзасидан ўрганиш бошланганини маълум қилди.

Видеода эркак йиғилиш давомида 6 нафар ўқитувчи аёлдан 2 нафарини бирма-бир калтаклаганини кўриш мумкин. Дастлаб улардан бирининг юзига мушт тушириб йиқитган ва хонани тарк этган. Қайтиб келиб, иккинчисини ҳам уриб йиқитган. Сўнгра биринчи ўқитувчига яна қўл кўтариб, уни тепган.

18 апрель куни ушбу воқеа бўйича вилоят бошқарма бошлиғи Х.Мамадиев Узун туманига борган. Ҳолат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда видеонинг қачон қаерда ва қандай ҳолатда юз бергани ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиши таъминланади, дейилади хабарда.