Сурхондарё вилояти Узун туманидаги 31-мактабда эркак ўқитувчи томонидан аёл ўқитувчилар калтакланиб, уларга жароҳат етказилди. Ҳодиса видеоси 18 апрель куни ижтимоий тармоқларда тарқалгач, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани, аёлларга нисбатан куч ишлатган шахс қўлга олингани маълум қилинди. Жамоатчилик ушбу ҳодисани қатъий қоралади, хусусан, мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова бу воқеани кўриб, даҳшатга тушганини билдирди.

«Газета.uz» воқеага нима сабаб бўлганини аниқлаштириш мақсадида ҳодиса юз берган мактабнинг директори ва жабрланган педагоглардан бири билан боғланди.

«Оддий гапи учун калтакланди»

Мактаб директори Умиджон Муҳаммадиев (ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувлардаги оқ кўйлакли эркак) ушбу таълим муассасасида 2023 йил январида иш бошлаган. Унинг таъкидлашича, жамоага директор сифатида таништирилган вақтида ҳам худди шундай ҳодиса юз берган, аммо ҳодиса видеога ёзиб олинмагани, жабрланувчилардан ҳеч ким тегишли идораларга мурожаат қилмагани учун «иш шундайлигича қолиб кетган».

«14 апрель воқеа айнан январдагисининг такрори бўлди. Аммо ҳар икки ҳолатдаги зўравон ва жабрланганлар бошқа-бошқа одамлар», — дейди у. Унинг қайд этишича, 14 апрелдаги воқеада жанжал кўтарган эркак (жисмоний тарбия ўқитувчиси) ва калтакланган икки аёл ўқитувчи (оқ рўмолли аёл — мусиқа ўқитувчиси, иккинчи аёл — бошланғич синфлар ўқитувчиси) ўртасида «ҳеч қандай адоват йўқ» эди.

«Аёл ўқитувчилар менда гаплари борлигини айтди. Уларга хонамда йиғилишларини айтдим. Хонага киргач шу ҳолат бошланди, яъни улар [эркак ўқитувчи томонидан] „директорда гапимиз бор“ деган оддий гапи учун калтакланди. Ҳали ҳеч қандай масала кўтарилмаган эди», — дейди Умиджон Муҳаммадиев.

Директор 18 апрель куни — видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетгач, вазифасидан озод этилган. Таъкидлашича, ишдан олинишига «видеодаги ҳолатда уларни ажратмаганлиги» сабаб бўлган; видеонинг бошида директор аёлларга қўл кўтараётган эркакни ажратишга урингани, аммо кейин бундай қилмаган ва бунинг «ўзига яраша сабаблари бор», аммо у бу сабабларни ошкор қилишни истамади.

«Видеони ёши катта жарбланувчи аёлнинг ўғли ёзиб олган эди. Шундан кейин тарқалиб кетди. Ўша ўқитувчини кўриш учун шифохонага боргандим, аммо турмуш ўртоғи киритмади. У ҳозир ҳам касалхонада, калтакланган иккинчи ўқитувчи эса — у билан кеча телефонда гаплашганимда айтди — шифохонадан чиқибди. Эркак ўқитувчини қамоқда дейишяпти, лекин [ҳақиқатан ҳам шундайми,] бундан хабарим йўқ», — дея қўшимча қилди Умиджон Муҳаммадиев.

«Оғзимдан чиққан ҳар бир гап учун ҳам сўкди, ҳам урди»

Мактабдаги синфларнинг бирида ўтказилган ота-оналар мажлисида ўқувчилардан бирининг онаси унда 31-мактабда ишлайдиган аёл ва эркак ўқитувчининг қўл ушлашиб юргани ёзилган видеоси борлигини айтган. Мажлисни ўтказган ўқитувчи аёл бу ҳақда 13 апрель куни мактабдаги бошқа аёл ҳамкасбларига маълум қилган. Шундан сўнг улар видеодаги ўқитувчилар кимлигини аниқлаш, бу ҳақда мактаб раҳбариятини хабардор қилиш мақсадида директор билан маслаҳатлашишга қарор қилган.

Эртаси соат тахминан 12:00 да улар шу масалада директор хонасида йиғилган. Йиғилишга видеодаги эркак ўқитувчи ҳам кирмоқчи бўлган. «У билан ҳеч қачон келишмовчиликка бормаганим учун „Бу ерда аёллар йиғилиши бўляпти“, дедим. У эса „Нима қилибди? Сени нима ишинг бор? Хоҳлаган жойимда юраман“, деб хонага кирди ва директор олдига ўтириб олди», — дейди айни пайтда шифохонада даволанаётган жабрланувчи мусиқа ўқитувчиси О.Т.

«Директор „Нима бўляпти, нима гап?“, дея ўртага умумий савол ташлади. Эркак ўқитувчи ўрнидан турди ва панжаларини ёйиб, директорга „Нима демоқчисан? Хоҳлаган жойимда тураман, мактаб меники, билганингни қил“, деди. Кейин „Сени ҳам ҳақинг йўқ“, дея бақириб, менга китоб отди. Китоб ёнимдаги аёл ҳамкасбимга келиб тегди», — деди жабрланувчи. Шундан сўнг эркак шаҳд билан О.Т.нинг олдига бориб, уни қаттиқ урган.

«Мени уради, деб ўйламагандим. Кучли ва кутилмаган зарбадан кейин орқага йиқилиб тушдим. Ўрнимдан туриб, ўзимга келгунимча мени қайта-қайта сўкиб, ҳақоратлади. „Ҳожилигингни фалон қилай, фалон қилай“, деди. „Ҳожи эканлигимни ҳеч кимга даъво қилганим йўқ“, дедим. Олдимдаги ҳамкасбимга „Бор, олиб чиқиб кет, йўқотинглар“, деганимдан кейин, овозимни эшитиб қолиб, қайтиб келиб яна урди», — дейди аёл.

«„Бу иш жойимизда, директор олдида тинимсиз сўкиб, ҳақоратлаяпти, биз аёлларни ўйлайдиган, [ҳол-аҳвол] сўрайдиган одам йўқми?“, дедим. „Сўрайдиган одам йўқ. Ҳеч киминг сўрамайди, киминг бор сўрагани? Келсин олдимга“, деб яна юз-кўзимга аралаш урди. Ўша вақтда ҳамкасбларимдан бири: „Сизга ҳеч нарса дегани йўқ-ку, опа ёмон гапирмади-ку“, деганди, уни ҳам бориб урди», — дейди у.

Жабрланувчининг айтишича, у ўрнидан туролмай қолган, ўтирган ҳолатида ёрдам сўраб, икки акаси, турмуш ўртоғига қўнғироқ қилган. Лекин айни намоз вақти бўлгани учун улар телефонини кўтармаган. «Ўғилларим Тошкентда эди. Кейин «102»га қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирдим. «Тезроқ келиб, камерадан ҳолат видеосини олинглар», дедим. Шундан сўнг маҳалла инспектори қўнғироқ қилиб, телефонда саволларига жавоб олди. Бироздан кейин ички ишлар ходимлари етиб келди», — деди у.

Аёлнинг қайд этишича, эркак ҳамкасби 14 апрель куни ярим кечагача ички ишлар назоратида бўлган, кейин маҳалла ёрдамида уйига қўйиб юборилган. «Ўша кундан бери очиқда юрган эди. Воқеадан сўнг мактабдаги ҳамкасбларим иккига бўлиниб қолди. Кўпчилиги бошида „Уни орқасида кучли одам бор“, деган фикрда кўрсатма беришни хоҳламади. Аммо кейин барибир кўрсатма берди», — деди жабрланувчи.

«Вазият видео тарқалгач ижобий томонга ўзгарди»

Воқеадан хабар топгач, О.Т.нинг турмуш ўртоғи, фарзандлари, акалари, жиянлари аёлларга қўл кўтарган эркакни урмоқчи бўлган.

«Уларни сабр билан ушлаб туриш осон бўлгани йўқ. Биласиз, фарзанд онаси учун ҳар нарсага тайёр туради. Уларга раҳмат, илтимосимни ерда қолдирмай, биров билан уруш-жанжал қилгани йўқ. Вазият яхшиланишини бир неча кун кутдик. Видео қандай тарқалиб кетганини билмаймиз. Аммо видео интернетда тарқалгач, вазият ижобий томонга ўзгарди. Ҳоким, ИИБ бошлиғи, прокурор, мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи келди. Шифокорлар қайтадан тиббий кўрикдан ўтказди. Айни пайтда шифохонада ҳирургия бўлимида даволаняпман», — деди педагог.

О.Т.нинг айтишича, у Узун туманидаги 31-мактабда 34 йилдан бери ишлайди, шу боис мактабдаги муҳитни яхши билади. Айни дамда, ўқитувчиликдан аввал фермерлик билан шуғулланган жисмоний тарбия ўқитувчиси мактабда қачон иш бошлаганини аниқ эслай олмаслигини таъкидлади.

«Директорликка даъво қиларди. Тўрт ой директорсиз ишладик, ўшанда ўзидан директор ясаб олди. Бундан олдинги директор ҳам, директор ўринбосари ҳам шундай ҳолатлар сабаб ишни ўзи хоҳишига кўра ташлаб кетганди. Бу одамга қонуний жазо кўрилмагани учун жамоадагиларнинг кўпида „унинг орқасида кимидир бор“, деган фикр шаклланган. Мен уни таълим тизимидан бутунлай четлатилиши ва бу соҳага қайтиб ишга олинмаслигини сўрайман», — дея қўшимча қилди аёл.