Сурхондарё вилояти Узун туманидаги 31-мактабда ўқитувчиларни дўппослаган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар қилди.

Аниқланшича, 2023 йил 14 апрель куни соат 12:00 ларда Узун туманидаги 31-сонли ўрта таълим мактабининг директор хонасида ўтказилаётган йиғилишда 34 ёшли эркак (ўқитувчи) икки нафар аёл ўқитувчилар билан жанжаллашиб, уларга тан жароҳати етказган.

Ҳолат юзасидан 18 апрель куни Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова ҳолатга муносабат билдириб, видео эълон қилди.

«Бўлиб ўтган ҳолатни кўриб даҳшатга тушдим. Зиёлилар қатлами, устозлар орасида бир-бирига қўл кўтаришлар жуда ачинарли ҳолатдир», — дейди вазир. Ҳилола Умарова, шунингдек, аёл ўқитувчилар шифохонада вазирлик назоратида даволанаётганини маълум қилди.