Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеев мамлакат 2022 йилда Ўзбекистонга гўшт экспортини 134 бараварга оширганини маълум қилди. Бу ҳақда у чорвачиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ҳукумат мажлисида маълумот берди.

2022 йилда Ўзбекистонга гўшт экспорти 0,2 минг тоннадан 26,2 минг тоннагача ошган. Мамлакатнинг 2022 йилдаги гўшт экспорти эса 28,7 минг тоннани ташкил этган.

«Бу сўнгги 10 йилдаги рекорд кўрсаткичдир. Бу йил ҳам бу тенденция давом этмоқда», — деди вазир.

Чорвачилик Қозоғистон агросаноатининг асосий тармоқларидан бири ҳисобланади. Қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотининг қарийб 40 фоизи чорвачилик ҳиссасига тўғри келади.

Маълумот ўрнида, Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонга 2022 йилнинг январь-ноябрь ойларида Қозоғистондан 16 минг тонна қорамол гўшти импорт қилинган. 2022 йилнинг дастлабки 8 ойида Ўзбекистон энг кўп қорамол гўштини импорт қилган давлатлар ичида Қозоғистон (11,6 минг тонна) Беларусдан (17,1 минг тонна) кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Бу давр мобайнида мамлакат қиймати 141,9 млн долларга тенг бўлган 32,8 минг тонна қорамол гўшти импорт қилган.

2022 йил январь ойи аввалида Қозоғистонда бошланган тартибсизликлар ортидан юзага келган вазият туфайли Беларусь ва Украинадан Ўзбекистонга импорт қилинадиган гўштни етказиб беришда муаммо кузатилганди.