Better Cotton компанияси Ўзбекистондаги асосий манфаатдор томонлар билан мамлакатнинг пахтачилик соҳасини янада яхшилаш учун Барқарор ривожланиш йўл харитасини ишлаб чиқди ва имзолади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.

Тошкентда ўтган «Тўқимачилик ҳафталиги» доирасида ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева ҳамда Ўзбекистон «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров ҳам қатнашди.

Унда Better Cotton компаниясининг катта дастур менежери Рейчел Беккет бизнес, ҳукумат, фуқаролик жамияти, халқаро ташкилотлар ва таълим институтлари вакилларини ўз ичига олган 600 дан ортиқ делегат аудиториясига йўл харитасини тақдим этди.

Миллий манфаатдор томонлар, жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Бандлик вазирлиги, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва бошқалар йўл харитаси мақсадларини илгари суриш ва қўллаб-қувватлаш мажбуриятини олди.

Йўл харитаси тўртта асосий мақсад бўйича батафсил ҳаракатлар режасини самарали тарзда ишлаб чиқди.

Мақсадлар қуйидагилардан иборат:

  • Ўзбекистонда Better Cotton дастурини бошқаришнинг самарали тизимларини яратиш ва мамлакатдаги пахтадан манфаатдор томонларнинг барқарорлик асослари ҳақида хабардорлигини ошириш;
  • муносиб, хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини, иш берувчи ва ишчи муносабатларини самарали бошқариш ҳамда самарали ижтимоий мулоқотни таъминлайдиган меҳнат тизимини жорий этиш орқали пахтачилик соҳаси ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини рағбатлантириш;
  • асосий манфаатдор томонларнинг пахта етиштиришда экологик барқарорликка оид илғор тажрибалар ва уларни экин майдони даражасида қандай баҳолаш мумкинлиги ҳақида хабардорлигини ошириш;
  • Better Cotton дастурини бошқариш, молиялаштириш ва кенг миқёсда етказиб бериш усулларини белгиловчи уч йиллик стратегияни ишлаб чиқиш.

«Better Cotton Ўзбекистондаги ўз ишини атроф-муҳит, ишлаб чиқарувчилар ва мамлакат пахта секторидаги ишчилар учун қиймат яратиш ва яхшилаш имконияти сифатида кўради ҳамда бизни бутун пахта барқарорроқ бўлган дунё ҳақидаги тасаввуримизга яқинлаштиради» — деди Better Cotton компаниясининг катта дастур менежери Рейчел Беккет.

Йўл харитаси ёндашуви Better Cotton компаниясининг Ўзбекистон бўйлаб пахта етиштирувчи жамоалар атроф-муҳит, жамиятлар ва иқтисодиёт учун фойдалироқ бўлган барқарорроқ амалиётларни қандай қабул қилиши мумкинлиги ҳақидаги тавсияларини ўз ичига олади.

«Better Cotton компанияси билан ҳамкорлигимиз пахта далаларида самарали бошқарув тизимини яратишга ёрдам беради, замонавий, энергия тежовчи технологияларни кенгроқ қўллашни рағбатлантиради ва ишлаб чиқаришнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиради, деб ишонамиз. Мазкур „йўл харитаси“ аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, меҳнат муносабатларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, меҳнаткашлар учун муносиб ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишга хизмат қилмоқда», — деди Танзила Нарбаева.