Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида дарахтларни кесиб, уларни 5 миллион сўмга сотганлар аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати.

Туманнинг «Яккатут» маҳалласида жойлашган «Ўткир тош жилоси» фермер хўжалиги ер майдони кўздан кечирилганда хўжалик раҳбари Ў.Т. ўсиб турган кўп йиллик 8 туп элдор қарағайи дарахтини туманнинг «Миршоди» маҳалласида яшовчи фуқаро А.С.га 5 миллион сўмга баҳолаб сотгани аниқланган.

Фуқароларнинг ўзаро келишувига асосан, А.С. ўсувчанлигини йўқотмаган кўп йиллик ноёб дарахт турларига кирувчи 8 туп элдор қарағай дарахтини таг қисми билан кесиб олган. Тўпланган ҳужжатлар асосида ҳисоб-китоб қилинганда бунинг оқибатида табиатга жами 551 миллион 100 минг сўм зарар етказилган.

Аниқланган ҳолат юзасидан бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Президентнинг 31 майдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига қўйиладиган мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарима миқдори 5 бараварга оширилиши қайд этилган.

Шу билан бирга, ноқонуний кесилган дарахт ўрнига унинг компенсациявий дарахт кўчатларини айнан дарахт кесилган жойга экиш мажбурияти белгиланган.