Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирига ўринбосарлари тайинланди, дея хабар бермоқда президент Администрациясига яқин «Нигоҳ» Telegram канали.
Хусусан, Обиджон Қудратов вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Бунга қадар у табиат ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари бўлган.
Жусипбек Казбеков эса вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди. Бунга қадар у табиат ресурслари вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
Нарзулло Обломурадов бошқа ишга ўтиши муносабати билан табиат ресурслари вазирининг ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланганди. Кейинроқ Қонунчилик палатаси депутатлари Азиз Абдуҳакимов номзодини вазир лавозимига маъқуллади.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Маълумот ўрнида, 2023 йил 1 январдан Ўзбекистонда вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилди. Хусусан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Гидрометрология хизмати ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бирлаштирилиб, Табиат ресурслари вазирлиги ташкил этилганди.