Президент Шавкат Мирзиёев 31 май куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил борасидаги фармонни қабул қилди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжат билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланди. Вазирликда алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Давлат экологик назорат инспекцияси ташкил этилди.

Шунингдек, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган бош прокурор ўринбосари лавозими киритилди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 1 январдан Ўзбекистонда вазирликлар сони 25 тадан 21 тага қисқартирилганди. Хусусан, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Гидрометрология хизмати ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бирлаштирилиб, Табиат ресурслари вазирлиги ташкил этилганди. Унга Азиз Абдуҳакимов раҳбар этиб тайинланганди.