Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 52 ёшли эркак меҳрибонлик уйидан асраб олган 13 ёшли қизни зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйгани ҳақида хабар берилганди. Олий суд матбуот хизмати 6 июнь куни эркакка нисбатан суд ҳукми эълон қилинганини билдирди.

Аапрель ойида тарқалган хабарларда эркак 8 нафар тарбияланувчини асраб олиб, улардан бири — 13 ёшли қизни ҳомиладор қилгани ва болани мажбуран туширгани ёзилган.

Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида судланувчи К.Т. (1971 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, Чироқчи туманидаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлиб ишлаган, муқаддам судланмаган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугаган.

Бу жиноят иши жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси А.Ташев раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Суд ҳукмига кўра К.Т. Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 3-қисми «а» банди ва эски таҳрирдаги (2023 йил 11 апрелга қадар амалда бўлган) 129-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган.

Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш)га асосан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 73 ва 74-моддалари талабларига мувофиқ 18 ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига текканлик ҳамда 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик учун ҳукм қилинган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланмайди.